Аҳоли бандлиги таъминланмоқда
Тошкент туманида ҳам айни карантин шароитида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масаласида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Тошкент вилоятида аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари бандлигини таъминлаш, бу орқали уларнинг доимий даромад билан таъминланишига эришиш ва муҳтож оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкент туманида ҳам айни карантин шароитида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масаласида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, апрель-май ойларида туманда 359 нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилиб, уларга Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 269 миллион сўм тўлаб берилди. Июнь ойи учун эса 175 нафар ишсиз аҳоли жамоат ишларига жалб этилиб, иш ҳақи тўлови учун 131 миллион сўм маблағ тўлаб бериш кўзда тутилган.
Шунингдек, туманда ташкил этилган “IDEAL AGRO MILK” ишлаб чиқариш кооперативида 27 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли бандлиги таъминланди. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 60,2 миллион сўм субсидия ажратилди. 42 нафар ишсиз фуқарога уруғ, кўчат ва суғориш воситалари харид қилиши учун жами 78 миллион сўмлик субсидия маблағи ажратилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Н.Ёқубов туманда бўлиб, аҳоли бандлигини ошириш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида олиб борилаётган ишларни ўрганди.
Вазир ўринбосари бу борада ҳудудда олиб борилаётган ишлар, мавжуд вазият билан танишиб, имкониятлардан янада самарали фойдаланиш юзасидан тегишли тавсиялар берди.