Аҳоли бандлиги – фаровонлик омили
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестициялар жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестициялар жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ана шу мақсадларга барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 15 миллиард 800 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилиб, ўзлаштирилгани таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикасида инвестициялар жалб этиш орқали 2015 йилда 50 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Уларнинг 86,1 фоизи қишлоқ ҳудудларида ташкил этилди.
Кегейли туманида халқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 7 миллиард 258 миллион сўм миқдорида инвестиция ўзлаштирилди. Саноатда 15, хизмат кўрсатиш бўйича 57, қишлоқ хўжалиги соҳасида 13 лойиҳа амалга оширилди ва 520 қўшимча иш ўрни яратилди.
– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан 10 миллиард 71 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди, – дейди халқ депутатлари Кегейли тумани Кенгаши депутати Байрам Искандаров. – Тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва ҳажми ортиши билан бирга, янги иш ўринлари яратишга ҳам эришилди. Шунинг ҳисобидан 657 қўшимча иш ўрни ташкил этилди.
Чимбой туманида ижтимоий ривожлантириш дастури асосида 6 миллиард 900 миллион сўмлик инвестиция ҳисобидан 125 лойиҳа амалга оширилди. Бу қарийб 500 янги иш ўрни яратиш имконини берди.
Мўйноқ туманида ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 11, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 5,3 фоизга кўпайди. Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратилган 2 миллиард 974 миллион сўмлик кредит маблағлари эвазига саноат ва сервис соҳасида 55 лойиҳа амалга оширилди, 165 янги иш ўрни яратилди. Бандлик дастурига кўра яратилган мингдан зиёд янги иш ўрнининг аксариятига аёллар ва касб-ҳунар коллежи битирувчилари жалб этилди.
Бу мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш, пировардида аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган доимий эътибор самараларидир.