90 фоиз маҳсулот экспорт қилинмоқда
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги "Максам-Чирчиқ" акциядорлик жамиятига оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги "Максам-Чирчиқ" акциядорлик жамиятига оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
"Ўзкимёсаноат" АЖ ташаббуси билан ўтказилган тадбирда журналистлар Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги қонуни ижроси юзасидан мазкур жамиятда атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар билан танишди.
Мамлакатимизда кимё саноатини жадал ривожлантириш, тармоқ корхоналарини техник ва технологик янгилаш, энергия тежайдиган, экологик хавфсиз технологияларни жорий этиш, экспортга мўлжалланган, импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

6 минг ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган "Maксам-Чирчиқ" АЖда ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда карбамид цехида технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизими жорий этилди. Замонавий сув инжектори, буғлатгич, сепаратор ва тозалаш иншооти ускуналари ўрнатилди.
Ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш дастури бўйича жамиятни электр энергияси билан таъминловчи трансформаторлар энергия тежовчи ускуналар билан жиҳозланди. Шунингдек, буғ таъминоти цехидаги иситиш қозонларининг эскирган жиҳозлари, ишлаб чиқариш цехларидаги насослар янгиланди. Аммиак ишлаб чиқариш цехини бошқариш автоматлаштирилди.
Зичлиги паст аммоний нитрат (ғовак селитра) ишлаб чиқаришни ташкил этиш инвестиция лойиҳаси асосида корхонада ғовакли селитра ишлаб чиқариш цехи қурилиб, ишга туширилди. Айни пайтда ушбу цех маҳсулотининг 90 фоизи экспортга йўналтирилаётир.

"Хомашё тайёрлаш ускуналарини реконструкция ва модернизация қилиш орқали минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш" лойиҳаси доирасида аммиак ишлаб чиқариш агрегатлари, экономайзерлар, қозон утилизаторлари, суюқ олтингугуртни фильтрлаш ва буғ ҳароратини кўтариш мосламалари янгиланди. Натижада аммиак ишлаб чиқариш учун сарфланадиган электр энергияси ва табиий газни тежашга эришилди.
Бугунги кунда корхонада карбамид, аммиак селитраси, турли кислоталар, кимёвий реагентлар сингари 40 дан ортиқ турдаги минерал ўғит ва кимёвий маҳсулотлар тайёрланмоқда. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида сульфат магний, сульфат калий, фосфомочевина сингари янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу каби янгиланишлар натижасида сўнгги йилларда корхонанинг атроф-муҳитга таъсири сезиларли даражада камайди. Хусусан, атмосферага ифлослантирувчи моддаларнинг чегаравий меъёри йилига 7 минг 717 тонна бўлиб, 2018 йил якунлари бўйича бу борадаги кўрсаткич 2 минг 83 тоннани ташкил этди. Яъни корхона томонидан атмосферага белгиланган чегаравий меъёрдан 3,4 маротаба кам миқдорда зарарли модда чиқарилди.