9 ой якунлари сарҳисоб қилинди
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимини аҳолига шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимисиз тасаввур этиш қийин. Аҳоли саломатлигини асраш, тезкор тиббий хизмат кўрсатишда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг ўрни ниҳоятда катта.
РШТЁИМ Сирдарё филиалига жорий йил 9 ойи мобайнида қилинган ишлар сарҳисобига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Маълум қилишларича филиалга 9 ой мобайнида 32 минг 456 нафар бемор мурожаат қилган. Шундан 11 минг 103 нафарига марказ ходимлари томонидан стационар ёрдам кўрсатилган бўлса, 3 минг 289 нафар беморда жарроҳлик амалиётлари, шундан 874 нафарида эса юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилган.
– Юқори технологик жарроҳлик амалиётларининг 63 таси Республикамизнинг етакчи марказларидан келган илмий ходимлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиалининг маҳаллий мутахассислари билан ҳамкорликда, маҳорат дарслари тарзида ташкил этилди, – дейди филиал директори Санжар Худойбердиев. – Ўт тош касалликларида, қон кетишларда эндохирургиянинг диагностика ва каминвазив жарроҳлик амалиёти сифатида қўлланилиши даволаниш жараёнларини қисқартириб, беморларнинг эрта оёққа туришига, нейрохирургия ва травматология соҳаларида таянч ҳаракат тизимидаги жароҳатларни рентген контрол остида жарроҳлик амалиётларни бажарилиши натижасида беморларнинг ўз меҳнат фаолиятларини эрта муддатларда тикланишига сабаб бўлмоқда.

Аҳолидан тез тиббий ёрдам чақириқларини 103 ягона қисқа телефон рақамига қабул қилувчи Call-марказига 2022 йилнинг 9 ойи мобайнида 293 минг 265 та тез тиббий ёрдам чақируви келиб тушган бўлиб, шулардан 285 минг 976 нафар беморга тез тиббий ёрдам кўрсатилди,7289 та чақириққа эса Call-марказининг етакчи шифокорлари томонидан телефон орқали зарур маслаҳатлар берилди.
Вилоят ҳудудидаги аҳоли сонининг ошиши натижасида жорий йилда Боёвут тумани "Янги авлод" маҳалласининг оилавий поликлиникаси, Гулистон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимларига 1 тадан жами 2 та тез тиббий ёрдам бригадалари, тез тиббий ёрдам автомашинаси ажратиб берилди ва зарур тиббий жиҳозлар билан жиҳозланди. Бу йил вилоятга 5 та замонавий Volkswagen сady автомашиналари келтирилди. Айни вақтда улар аҳоли хизматида. Бу эса тез тиббий ёрдам сифати ошишида муҳим роль ўйнамоқда.
Тадбирда истиқболдаги режалар ҳам белгилаб олинди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА