9 октябрь – Бутунжаҳон почта куни
Бутун дунёда энг биринчи почта хизматини кабутарлар бажарган. Улар асосан подшоҳларнинг хабарларини бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга етказган. Гарчанд кабутарлар парранда бўлса-да, ўз “хизмат” вазифаларини аъло даражада уддалаган. Бунинг учун улар махсус тайёргарлик машқларидан ўтган. Тарихий асарларда ҳам, замонавий китобларда ҳам уларнинг беқиёс хизматлари ҳақида кўпгина маълумотлар бор.
Техниканинг жадаллик билан ўсиши кабутарларга иш қолдирмади. Кейинроқ бу хизматни велосипед, поезд, самолётлардаги почтальонлар бажарган бўлса, бугунга келиб почта хизмати рақамли технологияларга ўтди.
Почта тизими инсонлар ўртасидаги ишончли алоқа воситаси, хат-савод, жўнатмалар ва хизматларнинг сифатли етказилишини таъминловчи муҳим соҳага айланди.

Ушбу соҳа вакилларининг меҳнатларини эътироф этиш мақсадида “Бутунжаҳон почта куни” бутун дунёда нишонланадиган бўлди.
1874 йил 9 октябрь куни Швейцариянинг Берн шаҳрида Бутунжаҳон почта иттифоқи ташкил топган ва ҳар йили ушбу санада Бутунжаҳон почта куни нишонланади.
Бутунжаҳон почта куни деб эълон қилиш ҳақида 1969 йили Токио шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон почта иттифоқининг навбатдаги Конгрессида расман қарор қабул қилинган.
Бу кунни байрам сифатида нишонлашдан мақсад почта соҳасини давлатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшаётган ҳиссасини татбиқ этишдир.
1994 йил Ўзбекистон Бутунжаҳон почта иттифоқига тўла ҳуқуқли аъзо давлат сифатида қабул қилиниб, бугунги кунда дунёнинг деярли барча давлатлари билан халқаро почта алмашинувларини амалга ошириб келади.
Н.Раҳмонова, ЎзА