80 миллион сўм алимент тўлови ундирилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га жорий йилнинг 1-чорагида алимент ундириш бўйича 38 та мурожаат келиб тушган.
Барча мурожаатлар Омбудсман назоратига олингач, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан 32 та иш ижобий ҳал этилди. 31 март ҳолатига кўра, жами 80 миллион сўм атрофидаги алимент тўловлари мурожаатчилар фойдасига ундирилган.
Қонунчиликка асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик 15 кун муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима солиниши мумкин.
Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади. Қарздорларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам алимент тўлаш мажбурияти бажарилмаса, бу уларни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида эса “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деб белгиланган.
ЎзА