738 та янги иш ўрни яратилди
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Жиззах вилоятида ташкил этилган пресс-турда журналистлар ҳудудда инвестиция мажбурияти билан берилган объектларда амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Жиззах вилоятида ташкил этилган пресс-турда журналистлар ҳудудда инвестиция мажбурияти билан берилган объектларда амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Умиджон Ўринов Президентимизнинг 2019 йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида давлат активларини сотиш, хусусийлаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этиш, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида журналистларга маълумот берди.
Вилоятда 2019 йил якунига қадар тузилган шартномаларга мувофиқ 32 миллиард 257 миллион сўм миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилган 28 та объект бўйича амалда 69 миллиард 475 миллион сўм сармоя киритилди. Инвестиция киритиш режасини 215 фоизга бажариб, 738 та янги иш ўрни яратган инвесторларга ўрнатилган тартибда мулкни тасарруф этиш ҳуқуқи билан давлат ордерлари берилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Жиззах вилояти ҳокимининг тегишли қарорига биноан 2019 йилда 83 та давлат мулки объекти (улушлари) инвестицивий ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган ҳолда “Е-ijro Auksion” электрон савдо майдончасининг савдоларига чиқарилди. Шундан 41 та давлат мулки объекти 34 миллиард сўмга сотиб олиш, 16,4 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ва қўшимча 359 та иш ўрни яратиш шарти билан сотилди.
Пресс-тур иштирокчилари Пахтакор тумани Дилором маҳалласида бўш турган иншоот негизида ташкил этилган “Бунёд Дур Текс” масъулияти чекланган жамияти тикувчилик корхонаси фаолияти билан танишди.
– Фойдаланилмай турган эски бинони 500 миллион сўм инвестиция киритиб, 35 та иш ўрни яратиш бўйича шартнома мажбурияти асосида сотиб олганмиз, – дейди корхона раҳбари Фарида Раҳмонова. – Корхонани ишга тушириш учун эса шартномада белгиланганидан анча кўп – 908,4 миллион сўм миқдорида инвестиция киритилди. Яратилган иш ўрни ҳам шунга яраша, инвестиция мажбуриятимизда белгиланганидан анча кўп – 100 та бўлди. Айни пайтда корхонамизда тикилаётган тайёр кийимларни ички бозордан ташқари хорижга ҳам экспорт қилаяпмиз.
Пресс-тур иштирокчилари шу туманда давлат улуши сотилиши белгиланган “Дўстликшаробсавдо” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлишди. Давлат активларини бошқариш агентлиги мутахассислари ва жамият раҳбарлари ушбу корхонада давлат улуши сотилиши сабаблари ва ундан кутилаётган самара ҳақида журналистларга маълумот берди.
Ғаллаорол туманидаги 12 миллиард 500 миллион сўм миқдорида инвестиция киритиб, 160 та янги иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” қийматда сотиб олинган “Сангзор текстил” масъулияти чекланган жамияти фаолияти журналистларда катта қизиқиш ўйғотди.
Масъулияти чекланган жамият томонидан инвестиция киритиш мажбурияти ортиғи билан бажарилиб, йилига 8 минг тонна пахтани қайта ишлаб чиқариш қувватига эга ип-калава корхонаси барпо этилди. Натижада 350 та янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари Ш.Рашидов туманида инвестиция киритиш шарти билан бўш турган бинода барпо этилган “Отажонлар нияти” мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан ҳам танишди.
Иштирокчилар ушбу пресс-тур журналистлар учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам фойдали бўлганини эътироф этди.
– Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати ташаббуси билан ташкил этилган ушбу пресс-тур менда жуда яхши таассурот қолдирди, – дейди “Жиззах ҳақиқати” газетаси бўлим муҳаррири Бекпўлат Тоғаев. – Инвестиция ҳисобига барпо этилган корхоналар фаолияти билан танишиш давомида давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилган ишларнинг самараси, бу соҳадаги ютуқ ва муаммолар ҳақида ҳам маълумотга эга бўлдик.