7 нафар боксчимиз финалда, 2 нафарида бронза медали
Пойтахтимиз мезбонлик қилаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ярим финал жанглари якунланди.
Жаҳон чемпионатининг ортда қолган ўн биринчи кунги жанглари тафсилотига тўхталадиган бўлсак, 54 килограмм вазн тоифасида ҳамюртимиз Ойбек Жўраев ярим финалда россиялик Дмитрий Двалини очколар ҳисобида мағлуб этди. 25 ёшли Ойбек 14 май куни ташкил этиладиган финал жангида қозоғистонлик Маҳмуд Сабирхан билан тўқнаш келади.

Шунингдек, 67 килограмм вазн тоифасида Асадхўжа Мўйдинхўжаев мўғулистонлик Мишеелт Баттумурни 5:0 ҳисобида доғда қолдирди ва олтин медаль учун қозоғистонлик Дулат Бекбауов билан жанг қиладиган бўлди.
51 килограмда Ҳасанбой Дўсматов, 57 килограмм оғирликда Абдумалик Халоков, 63,5 килограмм вазнда Руслан Абдуллаев ва 71 килограмм вазн тоифасида Саиджамшид Жаъфаров жаҳон чемпионатининг ярим финалида муваффақиятга эришганлиги, Баҳодир Жалоловнинг рақиби рингга чиқмаганлиги терма жамоамизнинг 7 нафар вакили чемпионлик йўлидаги юришини давом эттиришини англатмоқда.
Рио олимпиадаси ғолиби Ҳасанбой Дўсматов олтин медаль учун курашда франциялик Биллал Беннама билан, 2018 йилги ёшлар олимпиадаси ғолиби Абдумалик Халоков кубалик Хорта Родригес билан, Руфат Рисқиев кубоги соҳиби Руслан Абдуллаев мўғулистонлик Чинзориг Баатарсукх билан, иқтидорли чарм қўлқоп устаси Саиджамшид Жаъфаров финалда қозоғистонлик Асланбек Шимбергенов билан рўбарў келади.

Ярим финал жангларида иштирок этган терма жамоамизнинг энг ёш боксчиси 19 ёшли Аълохон Абдуллаев ҳамда ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпионлигига эришган Лазизбек Муллажонов ярим финал жанги натижасида бронза медаллари билан кифояланишди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ўтказилаётган жаҳон чемпионатида олтин медаль соҳиблари 200 минг АҚШ доллари, кумуш медалга эга чиққан боксчилар 100 минг АҚШ доллари ҳамда бронза медалини қўлга киритган спортчилар 50 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т. РЎЗИЕВ, ЎзА