620 нафар ёш китобхон “Менинг севимли китобим” танловида беллашди
Муҳаммадшариф Сўфизода номидаги вилоят болалар кутубхонасида “Менинг севимли китобим” шиори остида китобхонлик танлови ташкил этилди. Унда Наманган вилоятининг шаҳар ва туманлардаги таълим муассасаларидан 620 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этди.
Беллашувда иштирокчиларнинг бадиий асарларни ўқиб-ўзлаштириши ва мазмунини қай даражада англагани тест саволлари асосида синовдан ўтказилди.
Жумладан, 1-4-синф ўқувчилари Муҳаббат Йўлдошеванинг “Учар ҳаммом”, 5-7-синф ўқувчилари Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”, 8-11-синф ўқувчилари эса Жюль Верннинг “Ўн беш ёшли капитан” асарлари юзасидан ўз билим ва салоҳиятларини намоён этди.

– Ростини айтсам, болалар китобимни қидириб тополмай, ксерокопия қилиб ўқиётганини кўриб, йиғлаб юбордим, – деди таниқли болалар адибаси, болалар адабиётига оид бир қатор халқаро ижодий танловлар ғолибаси Муҳаббат Йўлдошева. – Китобга бўлган бу қизиқиш, бу меҳрни кўринг! Атрофимда эса ҳамма: «Болалар китоб ўқимайди!» деб нолийди. Бу болажонлар эса китоб ўқишни хоҳлашса-ю, уларга атаб ёзаётган китобларимизни топа олмаса-я?! Ахир, шу пайтгача 82 та китобим чиққан бўлса, шуларнинг 56 таси болалар ва ўсмирларга аталган...

Мазкур танлов ўқувчиларнинг мутолаага бўлган қизиқишини янада ошириш, мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этишга хизмат қилди.

Танлов жараёнида иштирокчилар ўз билимларини синовдан ўтказиш баробарида, севимли асарлари ҳақида янада чуқурроқ мулоҳаза юритиш имконига эга бўлди. Айниқса, турли ёшдаги ўқувчиларнинг бир майдонда китоб мутолааси атрофида бирлашгани тадбирнинг аҳамиятини янада оширди. Кутубхонада ташкил этилган ушбу беллашув ёш китобхонлар учун ўзига хос маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтади.

Танлов давомида ўқувчиларнинг китобга меҳри, изланиши ва билимга интилиши яққол намоён бўлди. Бундай тадбирлар болаларни бўш вақтини мазмунли ўтказишга, янги асарларни мутолаа қилишга ва китоб билан дўстлашишга ундайди. Муҳими, китобсевар ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг мутолаага бўлган қизиқишини рағбатлантириш келажакда билимли, дунёқараши кенг авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА