600 гектардан ортиқ ер ўзбошимчалик билан эгаллангани аниқланди
Кадастр агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра давлат ер ва кадастр назорати йўналишида амалга оширилган ишлар натижасида республика бўйлаб ер ресурсларидан фойдаланишда қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Маълумотларга кўра, республика бўйлаб 10 минг 359 та ҳолатда жами 614,7 гектар ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани маълум бўлди. Бу эса ер ресурсларидан самарали ва қонуний фойдаланиш масаласи долзарблигича қолаётганини кўрсатади.
Аниқланган ҳолатлар ер фондлари тоифалари кесимида таҳлил қилинганда қуйидаги манзара кузатилди. Қишлоқ хўжалиги ерлари 355,4 гектар, аҳоли пунктлари ерлари 166,7 гектар. Шунингдек, саноат ва бошқа мақсаддаги ерлар 21,9 гектар, тарихий-маданий аҳамиятга эга ерлар 1,1 гектар, ўрмон фонди ерлари 3,1 гектар, сув фонди ерлари 12,5 гектар, захира ерлар 54,1 гектарни ташкил этади.
Шунингдек, текширувлар давомида 4 минг 607 та ҳолатда жами 3 228,2 гектар ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланилаётгани ҳам аниқланди. Мутахассислар бу ҳолатлар ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш зарурлигини яна бир бор кўрсатишини таъкидламоқда.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Хусусан, 4 минг 606 та ҳолат бўйича маҳаллий ҳокимликларга тақдимномалар киритилди. Шу билан бирга, 1 та ҳолат юзасидан судга даъво аризаси тақдим этилди.
Қайд этилишича, назоратни кучайтириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ишлар ер ресурсларини муҳофаза қилиш, қонунбузилишларни барвақт аниқлаш ва давлат ер фондини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА