6 минг 576 нафар фуқаро тармоқдан узилди
Дунёда глобал иқлим ўзгариши оқибатида Ўзбекистонда ҳам сув танқислиги тобора долзарблашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.
– Бу борада тарғибот тадбирларини йўлга қўйганмиз, тоза ичимлик суви етиб бормаган аҳоли яшаш ҳудудларига тоза ичимлик суви тармоқларини тортиш бўйича манзили ва мақсадли ишларни амалга оширяпмиз.–дейди "Сирдарёсувтаъминоти" АЖ бошқаруви раиси Шаҳбоз Акрамов. –Аммо тоза ичимлик сув сарфи ортгани сари, сув истеъмолчиларининг дебиторлик қарздорлиги ҳам кун сайин ошиб бормоқда. Мисол учун айтганда, шу бугунги кун ҳолатига аҳолининг тоза ичимлик сувидан бўлган дебитор қарздорлиги 34, 7 миллиард сўмдан, юридик ташкилотларники эса 2,5 миллиард сўмдан ошиб кетган. Бунга эса, тоза ичимлик суви истеъмол қиладиганлар белгиланган қоидаларга риоя этмаслиги, тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслиги, сув ҳисоблаш ускунасида акс этган кўрсаткичларнинг биллинг базасига киритилмаганлиги сабаб бўлмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида мазкур ташкилот томонидан сувдан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, фойдаланилган ичимлик суви ҳақини тўламаслик ҳолати юзасидан 8 минг 616 та материал судларга тақдим этилган. Тақдим этилган материаллардан 6 минг 576 таси қаноатлантирилиб, истеъмолчилар белгиланган қонун- қоида доирасида тармоқдан узилган.
Ҳар бир литр сув ҳисоб-китобли, ундан оқилона фойдаланмас эканмиз, сув ресурслари билан боғлиқ муаммолар кўпаяверади. Ўтказилаётган тарғибот ва рейд тадбирларидан кўзланган мақсад ҳам аслида шу.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири