6 маротаба судланган шахс ушланди
Ҳозирда унга нисбатан фирибгарлик жинояти содир этганлиги бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 27 июль куни Нукус шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро Қ.Х. Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасига мурожаат этиб, унда ўзини Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ тизимида ишловчи «Шуҳрат» деб таништирган шахс моддий манфаат эвазига Миллий гвардияга ишга киритиб қўйишини ваъда этиб, паспорт ва ҳарбий гувоҳномаси нусхаларини топшириш учун дастлаб 900 минг сўм талаб қилганлигини маълум қилган.
Мурожаат асосида Миллий гвардия шахсий таркиб бўйича инспекцияси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ўрганишлар натижасида ўзини «Шуҳрат» деб таништирган шахс 2020 йил июль ойида Нукус шаҳарда яшовчи 1995 йилда туғилган фуқаро С.А. ҳамда 1997 йилда туғилган фуқаро Қ.Ж.лардан ҳам Миллий гвардияга тез кунда ишга жойлаштиришни ваъда қилиб ҳар биридан 2 миллион сўмдан, жами 4 миллион сўм пул олганлиги аниқланган.
ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бўлими, Миллий гвардия ва Бош прокуратура Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида 2020 йил 28 июль куни «Шуҳрат» томонидан юборилган «Спарк» русумли автомашина ҳайдовчиси Нукус шаҳрида жойлашган «Наврўз» кафеси олдида фуқаро Қ.Х.дан олдиндан келишилган 900 минг сўм пул, паспорт ва ҳарбий гувоҳнома нусхаларини «Шуҳрат»га бериб қўйиш учун олаётган вақтда ушланган.
Ўрганиш давомида «Спарк» автомашинаси ҳайдовчиси, 1993 йилда туғилган Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро С.М. йўналишсиз такси ҳайдовчиси эканлиги, «Шуҳрат» исмли шахс ундан 900 минг сўм пул, паспорт ва ҳарбий гувоҳнома нусхаларини «Наврўз» кафеси олдидан фуқаро Қ.Х.дан олиб келиб беришни сўраганлиги аниқланган.
Тадбир давомида келишилган ҳолда ушбу пул ва ҳужжат нусхаларини Нукус шаҳрида жойлашган «Шах-Сарай» кафеси олдида «Спарк» ҳайдовчиси С.М.дан олаётган вақтда «Шуҳрат» исмли шахс тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган. Бу шахс 1987 йилда Нукус шаҳрида туғилган, муқаддам босқинчилик, безорилик, фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари учун 6 маротаба судланган, Кегейли туманида яшовчи фуқаро Н.А. эканлиги аниқланди.
Ҳозирда унга нисбатан фирибгарлик жинояти содир этганлиги бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.