5 муҳим ташаббус – ёшларга қанот
Гулистон шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактабида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури ижроси доирасида, «5 муҳим ташаббус – ёшларга қанот» шиори остида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича кўргазмали тадбир ташкил этилди.
Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Гулистон шаҳар халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда, вилоятдаги туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари қошидаги метод бирлашмалар раҳбарлари, Гулистон шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактабининг педагоглар жамоаси, ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар таълим тизимида ҳам ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, ёшларнинг иқтидорларини намоён этишлари учун ҳукумат даражасида эътибор қаратилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида барча шароитлар яратилаётгани таъкидланди.
– Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад, ёшларимизни маънавий, маърифий, маданий, компьютер саводхонлиги ва жисмоний савиясини янада юксалтиришдан иборатдир, – дейди Гулистон шаҳар халқ таълим бўлими мудирининг ўринбосари Сайфулла Аҳмедов.
[gallery-2071]
– Ушбу кўргазмали тадбир ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, китоб мутолаасига бўлган қизиқишини ошириш орқали маънавий оламини бойитиш, спортга кенг жалб этиш, компьютер саводхонлиги ва ахборот технологияларини мукаммал ўзлаштириб олиши натижасида ўқувчиларни ижтимоий ҳаётга жалб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда биринчи йўналиш бўйича ёш рассомлар кўргазмаси, ёш санъаткорлар чиқиши, мактаб қўғирчоқ театри намойиши ва заковат клуби аъзоларининг билими синовдан ўтказилган бўлса, иккинчи ташаббус бўйича спортнинг стол тенниси, шахмат, шашка, бадминтон ва каратэ турлари, кичик синф ўқувчилари иштирокида қувноқ стартлар мусобақалари ташкил этилди.
Мактабнинг ёш дастурчилари 5 та муҳим ташаббуснинг учинчи йўналиши бўйича компьютер технологияларини қай даражада ўзлаштирганлигини кўрсатиб берди.
Китобхонлик, шеърхоник, китоб тақдимоти, «Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси»дан ўрин олган китоблар кўргазмаси тўртинчи ташаббусда ўз аксни топди.
Бешинчи ташаббусдан эса ёш ихтирочилар кўргазмаси, мева сабвзавотлардан карвинг ясаш, 6-синф қизлари ўртасида «Ораста қизлар», 7-синф қизлари ўртасида «Балли қизлар!» кўрик-танловлари ҳамда юқори синф ўқувчи қизлари оналари назоратида ўзбек миллий таоми – ош тайёрлаш беллашувлари ўрин олди.
Ушбу тадбирда ўқувчиларни имкониятлари баҳоланиб, уларнинг ўз устида ишалаши учун индивидуал топшириқлар берилди.
Шунингдек, мактабда қўғирчоқ театр ташкил этиш бўйича шаҳар халқ таълими бўлимига методик кўрсатмалар ва аниқ вазифалар юклатилди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА