«5 минг қадам» – соғлом ҳаёт сари муҳим ташаббус
Чилонзор туманида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» шиори остида юриш марафони ташкил этилди. Унда туман тиббиёт ходимлари, ҳокимлик вакиллари ҳамда фаол фуқаролар қатнашди.
Тадбир аввалида иштирокчиларга соғлом овқатланиш, мунтазам бадантарбия ва кундалик жисмоний фаолликнинг инсон саломатлигига таъсири ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, мутахассислар томонидан танани соғлом сақлашда муҳим аҳамиятга эга енгил машқлар амалий тарзда кўрсатиб ўтилди. Таъкидланишича, кунига камида 5 минг қадам юриш юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди, қон айланишини яхшилайди, ортиқча вазнни камайтириш ва стрессни енгишга ёрдам беради.
Тадбир давомида сўз олган тиббиёт мутахассислари жисмоний фаоллик инсон саломатлигининг асосий омилларидан бири эканини қайд этиб, бу каби оммавий юришлар аҳоли ўртасида соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини билдиришди.
Марафон иштирокчилари нафақат жисмоний фаоллик, балки экологик масъулият масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишди. Тадбирда мамлакатимизда инсон саломатлиги ва спортни оммалаштириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таъкидланди. Президентимиз таъбири билан айтганда, спорт — бу нафақат мусобақа, балки соғлом турмуш тарзи, интизом ва ватанпарварлик тимсолидир.
Чилонзор тумани ҳокимлиги вакили ҳам бу каби ташаббуслар аҳолини жисмоний фаолликка ундаш билан бирга, экологик онгни шакллантиришга ҳам хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳар бир босилган қадам инсон саломатлиги билан бир қаторда атроф-муҳитни асрашга қўшилган ҳисса ҳисобланади.
Тадбир якунида иштирокчилар экологик маданият ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш муҳимлигини яна бир бор эътироф этиб, бу каби марафонларни маҳаллалар ва таълим муассасаларида мунтазам ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлашди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wUbmQc65W9s" title="«5 ming qadam» – sog‘lom hayot sari muhim tashabbus" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нозимбек Мардонов,
Нишонбой Абдувоитов ЎзА