42 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди
Қашқадарё вилоятидаги йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.
Қашқадарё вилоятидаги йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.Президентимиз раҳнамолигида хусусий секторнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ушбу тармоқнинг иқтисодиётимиз тараққиётидаги ўрнини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги “2016 йилда Халқаро саноат ярмарка ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги ҳамда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида фаолият юритаётган 300 дан зиёд саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари 600 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан қатнашди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар туфайли маҳаллий хомашёдан тайёрланган харидоргир, импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулотлар тури йилдан-йилга кўпаймоқда.
Ярмарка рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек, йирик корхоналар ва кичик бизнес субъектлари ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айни пайтда бозорга янги кириб келаётган тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар турини кўпайтиришга замин бўлувчи буюртмалар портфелини шакллантириш, товар ва хизматларни реклама қилишга амалий ёрдам бўлмоқда. Саноат корхоналари учун узоқ муддатли хўжалик алоқалари, хомашё етказиб беришни ўзлаштиришга кўмаклашиш, тармоқлараро ва халқаро кооперацияни ривожлантириш орқали янги турдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун янада кенг имконият яратиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истагидаги ташкилотлар учун ҳамкорларни жалб этишга ҳам кўмаклашмоқда.
Ярмаркада тоғ жинсларини қайта ишлашга мўлжалланган техникалардан тортиб, чиройли ва бежирим мебеллар, қурилиш маҳсулотлари, полиэтилен қувурлар, парфюмерия товарлари, қандолат, озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этилди. Уларнинг ўндан ортиғи янги маҳсулот эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айниқса, Қарши шаҳридаги “Қарши инновацион технологиялар” масъулияти чекланган жамияти томонидан таклиф этилган автоматик қурилмалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Замонавий технологияларни ўрнатиб бериш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, автоматик тизимлар монтажи билан шуғулланар эдик, – дейди корхона раҳбари Шермуҳаммад Бузруков. – Яқинда баъзи бир қурилмаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Саноат ярмаркасида намойиш этилган газ анализатори, ҳисоблагичдан маълумотларни узатиш учун модем, “Ақлли уй” тизими каби илк намуна маҳсулотлар шулар жумласидандир. Мазкур қурилмалар масофадан туриб бино хавфсизлиги, коммунал жиҳозларнинг хавфсиз ишлашини назорат қилиш имконини беради.
Ярмаркада корхона ва ташкилотлар, муассасалар, хўжалик юритиш субъектлари ҳеч қандай тендер танловисиз ўзаро шартномалар имзолаш ва маҳсулот харид қилиш имкониятига эга бўлди. Маҳсулотлар хариди ва ҳамкорликка оид 42 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди.