35 нафар талаба махсус стипендияни қўлга киритди
Аёнки, ҳар қандай давлатнинг истиқболи, халқнинг иқболи ўсиб келаётган авлоднинг онг-у тафаккури, шижоати, интеллектуал ва жисмоний салоҳиятига боғлиқ. Шу боис келажагимиз эгаларининг муаммолари, дунёқараши, истак ва интилишлари билан қизиқиш ҳамда уларга имконият яратиш, имтиёз ва рағбат бериш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Дарҳақиқат, бугунги кунда дунёнинг энг яхши олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларида яшаб туриб, нуфузли халқаро ташкилотларда ёки трансмиллий компанияларда бой тажриба орттираётган ёхуд фан, тиббиёт, санъат ва бизнесда катта ютуқларга эришаётган ёшларимиз талайгина.

Уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, дуч келаётган муаммоларини бартараф этишда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси томонидан бир қатор хайрли ишлар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, 2022 йилда ассоциацияси кўплаб лойиҳаларни амалга оширди. Ассоциациянинг биргина “Хавфсиз миграция” лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг 37 та туман ва 10 шаҳрида хизмат сафари ташкил этилди. 122 нафардан ортиқ туман ёшлар етакчилари ва фаол ёшлар ташкилот дастурига мувофиқ хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тартиб-қоидалари бўйича ўқитилди.

Шу ўринда айтиш керак, давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналар билан биргаликда хориждаги ўзбекистонлик ёшлар учун сайёр қабуллар ташкил этиш топшириғи берилган эди. “Ташкилот қабуллари” лойиҳаси доирасида ўтган йили хорижда таҳсил олаётган ёшларимиз учун сайёр қабуллар ўтказилди. Шу билан бирга, делегацияларнинг турли ташрифлари доирасида қатор давлатларнинг ўттиздан ортиқ шаҳарларида ўтказилган учрашувларда икки мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди. Учрашувларда ёшларимизни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди, ёшлардан тушган айрим таклифлар тегишли давлат органларига етказилди.
Яна бир хайрли иш - “Мусофир” лойиҳаси доирасида хорижда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган сакки нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган йигит-қизларнинг ватанга қайтиши учун моддий ёрдам кўрсатилди. Хориждаги ўзбекистонлик ватандошларни бирлаштириш, алоқа ўрнатиш учун қулай шароитлар яратиш, хорижда оғир аҳволда қолган ватандошларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Musofir” мобил иловаси дастури ишлаб чиқилди, ҳозир уни ишга туширишга тайёргарлик олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси филиали марказига 2868 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг аксарияти хориждан ўқишини Ўзбекистонга ўтказиш жараёнида алданиб қолган, ҳуқуқий муаммоларга дуч келган ёшлар ва консалтинг фирмаларидан келган.
Энг муҳими ассоциация томонидан хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга қаратилган “Истеъдодли ватандошлар” танловини ўтказиш йўлга қўйилди. Мазкур танлов икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда 228 нафар ёшлар орасидан 47 нафар иқтидорли ёшлар саралаб олинди. Иккинчи босқичда комиссия аъзолари ва танлов иштирокчилари ўртасида онлайн тарзида суҳбатлар ташкил этилди. Натижада дунёнинг ўндан ортиқ давлатида таҳсил олаётган 35 нафар билимли ва иқтидорли талаба танлаб олинди. Ғолиблар тўрт ой давомида махсус стипендия билан таъминланадилар.
Жиззахлик Рустам Пардабоев ғолиб ёшлардан бири. У Ўзбекистон давлат хореография академиясининг “Хореография санъати” факультети “Санъатшунослик” таълим йўналишининг 4-босқич талабаси. У ўқиш билан бирга, қисқа ижодий фаолияти давомида 80 дан ортиқ фахрий ёрлиқ, диплом, сертификат ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланган. Йигирмага яқин илмий, илмий-услубий ва эликка яқин оммабоп публицистик мақолалар муаллифи.
Фаол изланувчан ёшлардан бири бўлган Рустам Пардабоев, шунингдек, юртимизда ва хорижда ўтказилган кўплаб нуфузли танловлар, олимпиадалар ғолиби бўлган. Жумладан, 2021 йил Қозоғистон пойтахти - Остона шаҳрида МДҲ давлатларининг ёш олимлари, тадқиқотчилари, талабалари ўртасида бўлиб ўтган “Йилнинг энг ёш олими - 2021” халқаро танловида ғолибликни қўлга киритиб, олтин медаль билан тақдирланган. 2022 йилда эса “Йилнинг энг яхши илмий тадқиқотчиси” эсдалик нишонини қўлга киритди. Қувонарлиси, Р.Пардабоев 2022 йилда “Истеъдодли ватандошлар” стипендианти бўлди.
Ёш олим ҳозирги кунда илмий раҳбари филология фанлари номзоди, ЎзМТРК катта муҳаррири Ҳ.Ҳамроева билан биргаликда “Ўзбек миллий рақс санъатини тарғиб этишда веб-сайт ва мультимедиа маҳсулотларининг тўпламини яратиш” мавзусидаги лойиҳа устида иш олиб бормоқда.
- Ёшларга, тенгдошларимга энг аввало кўпроқ китоб ўқишни, хорижий тилларни ўрганишларини тавсия қилган бўлардим, - дейди Рустам Пардабоев. – Чунки, дунёни жаҳолатдан фақат илм-маърифат қутқаради. Бунга эса биз фақат китоб орқали эришамиз. Юртимиз шаънини юксалтириш, уни бутун дунёга танитиш биз каби ёшлар қўлида. Мен ҳам шу эзгу мақсадга бел боғлаганман. Туркия ОАВларида, хусусан телевидениесида “Ўзбек анъанаси” маънавий-маърифий лойиҳани йўлга қўйишни мақсад қилганман.
Гўзал Сатторова, ЎзА