29 май - БМТ тинчликпарвар кучлари куни
2002 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси резолюцияси билан 29 май халқаро тинчликпарвар кучлар куни сифатида эълон қилинган.
Сўнгги йилларда мазкур санани ҳар хил шиорлар, турли тадбирлар орқали нишонлаш одат тусига кирган.
Шу куни бутун дунё бўйлаб хизмат қилаётган тинчликпарвар кучлар фидойилигига ҳурмат бажо келтирилади, БМТнинг турли мамлакатларда азоб-уқубатни енгиллаштириш, урушаётган томонларни яраштириш учун қилаётган ишлари эсга олинади.

1948 йил 29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши илк тинчликпарвар миссиясини ташкил этганда Кенгаш палатаси аъзолари БМТ олиб бораётган тинчликпарварлик ҳаракати қай даражада ривожланишини тасаввур қила олмас эди.
Қолаверса, енгил қуролланган тинчликпарвар кучларнинг суверен давлатлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш чизиғи бўйлаб пиёда патруллик қилган даври ҳам аллақачон ўтиб кетган.
БМТнинг ҳозирги тобора мураккаблашиб бораётган, кўп қиррали тинчликпарвар операциялари ўт очишни тўхтатиш тартибига риоя этилишини текшириш билан чекланиб қолмайди, балки, кўпинча ўнлаб йиллар давом этган тўқнашувдан сўнг ҳалокат ёқасида турган мамлакатларни қайта тиклаш муаммосини ҳал қилади.
Бундан ташқари мовий дубулғалар сайлов ташкил этиш, полиция ва суд тизимини ислоҳ қилишда фаол қатнашади, инсон ҳуқуқини илгари суриш ҳамда ҳимоя қилиш, эркаклар ва аёллар тенглиги тамойилини қўллаб-қувватлаш, қочқинлар ва кўчирилганларни ўз яшаш жойига қайтаришни қўллаб-қувватлаш, собиқ жангчиларни ихтиёрий равишда қуролсизлантириш, миналардан тозалаш каби муҳим ва масъулиятли вазифаларни ҳам бажаради.
Эътиборли жиҳати шундаки, 70 йил ичида 1 миллиондан ортиқ эркак ва аёл БМТ байроғи остида хизмат қилган. Бинобарин, тинчликпарварлар иши хавф-хатарга тўла. Шу сабабли БМТ уларнинг меҳнатини олқишлайди, шунингдек, ҳалок бўлган аскарлар хотирасини ҳурмат қилади.

Ташкилот тарихида 4200 га яқин мовий дубулғали тинчлик йўлида жонини фидо қилган.
Шу муносабат билан ҳар йили халқаро тинчликпарвар кучлар кунида Нью-Йоркдаги қароргоҳда БМТ байроғи остида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган тинчликпарварлар хотирасига гул қўйиш маросими ўтказилади.
Меҳрибонлик уйларига, мактабларга ташрифлар, саёҳатлар уюштирилади, турли спорт тадбирлари, бадиий, адабий танловлар, фотокўргазмалар, концерт, анжуман, семинарлар ташкил этилади, кўчат экилади.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА