252 миллион долларлик шартномалар тузилди
Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида Ўзбекистон-Россия ҳудудлараро ҳамкорлиги бўйича III форумда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги вилоят делегацияси ҳам қатнашмоқда.
Бухоро вилояти ҳокимлиги, вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси ҳамда “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси вакиллари, 20 дан ортиқ ишбилармон Россия Федерациясининг ҳудудлари билан икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича музокаралар олиб боришмоқда.

Икки кун давомида улар россиялик тадбиркорлар билан тиббиёт, таълим, тўқимачилик ва енгил саноат соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик бўйича келишувларга эришган.
Маълумотларга кўра, кеча россиялик ҳамкорлар билан металл қувурлар ишлаб чиқариш, Когон туманида гипсни қайта ишлаш, IT парк ташкил қилиш каби умумий қиймати 100 миллион долларлик 9 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Россиянинг 6 та йирик компанияси билан тўқимачилик, 5 та корхона билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш каби қиймати 100 миллион долларлик 15 та экспорт келишувига эришилди. Шунингдек, Бухоро вилоятидаги саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хомашё ва материаллар импорти бўйича 52 миллион долларлик, жами умумий қиймати 252 миллион доллар бўлган инвестициявий келишув ва савдо шартномалари тузилган.

Бухоро вилояти делегацияси “Алабуга” махсус иқтисодий зонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда энергия тежовчи инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, Бухоро вилоятида дастлабки босқичда 100 гектар майдонда “Алабуга” махсус иқтисодий зонаси филиалини ташкил этиш юзасидан меморандум имзоланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири