25 нафар ходимнинг устама пуллари тўлаб бериладиган бўлди
Бугун аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизми аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммоларнинг ўз вақтида ечими топилишига хизмат қилмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Косон туман адлия бўлимига “Косон туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонасининг жами 25 нафар ишчи-ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 924-сонли қарорига биноан тўланиши лозим бўлган кўп йиллик иш стажи учун устама маблағлари тўланмаётганлиги юзасидан мурожаатлари келиб тушган.

Мазкур мурожаатлар ўрганилиб, туман адлия бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судига 25 нафар ходимнинг манфаатларини кўзлаб, 150 миллион сўмлик устама пулларини ундириш юзасидан даъво аризалари киритилган. Натижада киритилган даъво аризалари қаноатлантирилиб, жами 25 нафар ходимга 150 миллион сўмлик устама пуллари тўланиши юзасидан суднинг ҳал қилув қарори чиқарилди.

– 11 йилдан буён йўл соҳасида ишлайман. 2018 йилда бир марта устама пулларини олганмиз, – дейди “Косон туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси ишчиси Қодир Шодмонов. – Шундан бу ёғини олмаганмиз. Туман адлия бўлимига ариза билан мурожаат қилдик. Барака топишсин муаммони тез фурсатда ўрганиб, бизнинг фойдамизга устама ҳақларимизни ундириш бўйича суднинг қарорини чиқариб берди. Ҳар қанча бўлса ҳам ойлик маошимизга қўшимча маблағ, оилавий бюджетимизга фойда.
Таъкидлаш лозимки, Косон тумани адлия бўлими туман аҳолисининг ҳуқуқий соҳадаги кўмакчисига айланган. Соҳадаги барча мурожаатлар аҳолини овора қилмаслик учун бир жойга яъни туман марказидаги Давлат хизматлари марказига жамланган.
Ўлмас Баротов, ЎзА.