24 йил олдинги чиқиндилар тўғрисидаги қонун нега янгиланяпти?
Бугунги кунда мамлакатимиздаги 11,3 минг гектарли 274 та чиқинди полигонларида 3,6 млрд. тоннадан ортиқ маиший ва саноат чиқиндилари иккиламчи хомашё сифатида сақланяпти.
Ушбу чиқиндиларни қайта ишлаш ва иккиламчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин. Агар шундай қилинса, аввало, экологияга зарар келтирадиган чиқиндилар камаяди. Иккинчидан эса янги иш ўринлари яратиш, аҳоли учун қўшимча даромад манбасига эга бўлиш мумкин.
Амалдаги “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун бундан 24 йил олдин қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермайди, илғор хорижий тажриба ва халқаро ҳужжатларда белгиланган вазифаларни тўлиқ қамраб олмаган. Шунинг учун амалдаги қонунчиликни ўзгартириш, замон талабига мослаштириш зарурияти мавжуд.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида чиқиндини бошқариш соҳасида фуқаролар соғлиғи, мол-мулки ва атроф-муҳит хавфсизлиги, чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш ва минималлаштириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда жамоатчилик иштироки устувор тамойиллар сифатида белгиланмоқда.
Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа иштирокчиларнинг ваколатлари белгилаб берилмоқда.
Бундан ташқари, чиқиндиларга нисбатан мулкий муносабатлар, чиқиндиларни таснифлаш тизимини жорий этиш, соҳани иқтисодий рағбатлантириш масалалари кўзда тутилмоқда.
Бугунги кундаги энг долзарб муаммолардан бўлган саноат объектларидаги хавфли чиқиндилар, тиббиёт ва биологик чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш тизимини ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Сўнгги йилларда юртимизнинг барча ҳудудида қурилишлар авж олиб бораётган бир пайтда қурилиш чиқиндиларини бошқариш масаласи ҳам лойиҳада ўз аксини топмоқда. Шунингдек, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ва экологик талабларга риоя этмаган ҳолда ёқишнинг олдини олиш, санитар тозалаш корхоналари фаолиятини қонун даражасида тартибга солиш белгиланмоқда.
Муҳокамаларда фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасининг муҳимлигини таъкидладилар. Лойиҳадаги нормалар ресурслардан самарали фойдаланиш, циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда аҳоли учун экологик хавфсиз атроф-муҳитни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этишини қайд этдилар.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида чиқинди соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш тизими ривожлантирилади, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолати яхшиланади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА