2026 йил 1 декабрга қадар республикада сотилаётган нефть ва газ маҳсулотларини онлайн назорат қилиш тизими жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 декабрга қадар республикадаги нефть ва газ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи, импорт асосида олиб келувчи ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотаётган нефть ва газ маҳсулотларини онлайн назорат қилиш тизимини жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори тайёрланади.
2026 йил 1 августга қадар республикада фаолият кўрсатаётган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида автобензин маҳсулоти ва суюлтирилган газ ҳисоби бўйича бевосита тарқатиш устунларидаги (“диспенсерлар”) маълумотларни реал вақт режимида тўплаш ва юритиш имконини берувчи ахборот тизими ишлаб чиқилади.
2026 йил 1 декабрга қадар хорижий тажриба асосида янги қурилаётган ёки қайта реконструкция қилинаётган хавфли ишлаб чиқариш объектларида мавжуд ер устида суюлтирилган углеводород газини сақловчи, ортиқча босим остида ишлайдиган сиғимлар икки деворли сиғимларга алмаштирилади, шунингдек, ер устига ўрнатилган сиғимларни босқичма-босқич ер остига ўрнатиш тартибини белгиловчи шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, амалиётга жорий этилади.
Ёқилғи қуйиш шохобчалар ва газ тўлдириш иншоотлари жойлашган ҳудудларнинг ҳимоя майдонлари атрофида қонунчилик ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган объектлар қурилиши учун ер участкалари ажратилмайди.
2026 йил 1 сентябрга қадар инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган, жамоат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, саноат ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, шу жумладан, белгиланган муҳофаза зоналари талабларига жавоб бермайдиган ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотлари реестри шакллантирилади ҳамда уларни босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Бунда:
ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотлари кўчирилган тақдирда, мазкур ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари тадбиркорлик субъектлари ихтиёрига қолдирилади;
фақат АГТКШлар хавфсиз ҳудудларга кўчирилган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга, истисно тариқасида, газ тармоқларига уланишга техник шартлар расмийлаштириб берилади.
2026 йил 1 сентябрга қадар Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси учун барча турдаги шохобчаларда қўлланилаётган ўлчов воситаларини метрологик қиёслаш муддатларини назорат қилиш мақсадида Техник тартибга солиш миллий ахборот тизимидан (TRIS) фойдаланиш имконияти яратилади.
2026 йил 1 августга қадар биржа савдоларининг электрон тизимини “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуаси билан интеграция қилиш орқали алоҳида биржа савдо секцияларида суюлтирилган газни харид қилиш учун фақатгина суюлтирилган газни сотишга тегишли лицензияси мавжуд бўлган хўжалик юритувчи субъектлар иштирок этиш тизими жорий этилади. Бунда алоҳида биржа савдо секцияларида суюлтирилган газни харид қилиш учун лицензияланадиган фаолият тури билан шуғулланмайдиган, технологик ишлаб чиқариш ва ўз эҳтиёжлари учун суюлтирилган газдан фойдаланувчи суюлтирилган газни қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш учун моддий-техник базага эга бўлган тегишли хўжалик юритувчи субъектлар томонидан алоҳида биржа савдо секцияларида суюлтирилган газни харид қилиниши Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан тақдим этиладиган рўйхатга мувофиқ амалга оширилади.
ЎзА