“2025 йил Қашқадарёда профессионал таълимда сифат йили бўлади”
Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов раҳбарлигида вилоятдаги техникум директорлари билан ўтган учрашувда профессионал таълим соҳасидаги долзарб масалалар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида техникумларнинг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари таҳлил қилинди. Вилоят ҳокими, хусусан, ўқитилаётган касблар рўйхатини бозор талабларига мослаштириш, ёшларни дуал таълим тизимига кенгроқ жалб қилиш, халқаро тажрибаларни жорий этиш ва техникумларни сифатли кадрлар тайёрлаш марказларига айлантириш зарурлигини қайд этиб ўтди.

Таъкидландики, келгуси йили вилоятда 600 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.
– Иш ўринлари, асосан, 3,5 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳамда тадбиркорлар лойиҳалари ҳисобидан яратилади. Инвестициянинг 80-85 фоизи технология кўринишида кириб келади, – деди вилоят раҳбари. – Бу технология, асбоб-ускуналарни ишлатадиган кадр, мутахассис борми, деган савол бизни ҳозирдан ўйлантиряпти. Таълим бериш, касбга ўргатишни тўғри йўлга қўймаганимиз натижасида кўплаб тадбиркорлар, инвесторлар четдан ишчи ёллаб ишлатишга мажбур бўляпти. Умуман профессионал таълимда қатор камчиликлар йиғилиб қолган. Биринчидан, тайёрланаётган касблар бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди, десак тўғри бўлади. Ўқилаётган касблар меҳнат бозори реал эҳтиёжига мос эмаслиги сабабли битирувчилар иш тополмаяпти. Иккинчидан, ёшлар ўртасида профессионал таълимда ўқиш ўз жозибадорлигини йўқотган.

Ҳар учта таълим муассасасидан биттаси ярим коэффициент билан ишлайди. Масалан, Қарши коммунал хўжалиги коллежининг 900 ўринли биносида атиги 108 нафар ўқувчи ўқийди. Шунингдек, Қарши қурилиш коллежи 750 ўринли биноси бўла туриб, 172 нафар ўқувчини қамраб олган.
– Қарши шаҳрида бу коллежларда тайёрланаётган мутахассисларга эҳтиёж йўқми?! Директорлар ўқувчи жалб қилиш ўрнига тайёр биноларни хусусий университетларга бериб, жимгина ўтирибди, – дея танқид қилди М.Азимов. – Дуал таълимда ёшларни ўқитиш бўйича ҳолатимиз яхши эмас. Ҳозирда ўқувчиларнинг атиги 7 фоизи дуал таълимга қамраб олинган. Бу вазият бўйича сиёсатни тушуниб ишни тўғри ташкил қилган директорлар ҳам бор. Мисол учун, Касби агротехнологиялар техникуми 68 фоиз, Қашқадарё педагогика техникуми 56 фоиз, Қарши туман 2-сон политехникуми 30 фоиз ўқувчиларини дуал таълимда ўқитади. Лекин талаб юқори бўлишига қарамай, Қашқадарё архитектура ва қурилиш техникуми, Касби озиқ-овқат саноати техникуми, Қамаши ветеринария ва медицинаси техникуми каби муассасаларда умуман дуал таълим йўқлигини қандай изоҳласа бўлади?!

Ишсиз фуқаролар, хотин-қизларни касбга ўқитиб, пул ишлаш имконияти бор. Лекин шароит бўлсада, 31 та техникумда бу ишлар йўлга қўйилмаган. Дарс бераётган ҳар бешта ўқитувчининг тўрттасида малака тоифаси йўқ.
Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан республикада ягона техникумлар тармоғи ташкил этилди.
Вилоятдаги 58 та профессионал таълим муассасалари негизида 53 та техникум ташкил қилинди. Шунингдек, жорий йилнинг 7 декабрь куни муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш бўйича олдимизга қатор вазифалар қўйилди.

Йиғилиш давомида вилоят раҳбари белгиланган топшириқлардан келиб чиқиб, ушбу тизимда келгусида амалга ошириладиган муҳим вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
Хусусан, келгуси йилдан вилоятда тайёрланаётган касблар рўйхати қайтадан кўриб чиқилади. Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган, битиргандан кейин иш топиш имкони бўлган касбларни ўқитиш йўлга қўйилади.

– Ҳозирда маҳаллий меҳнат бозоридан ташқари Германия, Япония, Чехия, Канада, Қувайт каби иқтисодиёти ривожланган мамлакатлардан ўрта бўғин кадрларни ишга олиш бўйича таклифлар бор, – деди М.Азимов. – Шундан келиб чиқиб, барча техникумларда келгуси йил бошидан ўқувчиларга хорижий тилларни (инглиз, немис, япон, корейс, рус) интенсив тарзда ўқитишни ташкил қиламиз. 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб, дуал таълимга қамраб олинган ўқувчилар улуши камида 50 фоизга етказилади. Вилоятдаги 320 та йирик корхона, тадбиркорлик субъектлари кадр тайёрлаш бўйича техникумларга бириктирилади. Энди директорлар кабинетида ўтирмай, иш берувчилар билан ишлайди. Касбларни тарғиб қилиб, ёшларни ўқишга жалб қилади. Илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида кадр тайёрлаш янада кенгайтирилади.
Таъкидлаш лозимки, жорий йилда Республикада биринчи бўлиб, Германиянинг “Авестос” компанияси Шаҳрисабз шаҳри ва Ғузордаги биттадан техникумда немис стандарти асосида касбга тайёрлашни йўлга қўйди. Келгуси йилдан ушбу лойиҳа босқичма-босқич бошқа техникумларда ҳам амалга оширилади.

Бундан ташқари, Ғузордаги 3-сонли политехникумда Буюк Британиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳамкорликда халқаро таълим стандарти асосида кадрлар тайёрлаш жорий этилади.
Келгуси ўқув йилидан барча техникумларда умумий таълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилади.

– Техникум директорлари, ўринбосарлари қайта аттестациядан ўтказилади, – деди вилоят ҳокими. – Замон талабига мос бўлмаган, ташаббус кўрсатмаган раҳбарларга жавоб берилади. Ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш керак. Германияда бир ой малака оширган ўқитувчилар дунёқарашини қандай ўзгарганини кўрдик. Таклиф киритилса, маҳаллий бюджетдан пул ажратиб, яна ўқитувчиларни четга юборамиз. Келгуси йили вилоятимизда профессионал таълимда сифат босқичига ўтиш йили бўлади. Биргаликда, тизимни ривожлантириш бўйича “Қашқадарё тажрибаси”ни йўлга қўямиз. Буни қилишга мажбурмиз. Чунки малакасиз кадрлар билан биз олдимиздаги мақсадларга эриша олмаймиз. Ёшларимиз меҳнат бозорида ўз ўрнини, чиқарган маҳсулотимиз четда бозорини топа олмайди. Ушбу мақсад амалга ошиши учун барчани ишлашга, ҳаракат қилишга мажбур қиламиз.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири