2022 йил экспорт ҳажми ошади
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида 2021 йил инвестиция ва ташқи савдо фаолияти якуни ҳамда 2022 йил инвестиция жалб этишни янада рағбатлантириш ва экспорт ҳажмини оширишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарлари иштирок этди.

Дастлаб 2021 йил инвестиция соҳасида эришилган натижалар бўйича маълумот берилди. Хусусан, ўзлаштирилган инвестициянинг умумий ҳажми 254 трлн. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 109 фоиз ўсгани қайд этилди. Бунда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция миқдори 8,6 млрд долларни ташкил қилди. Ҳисобот даврида давлат Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 5,9 миллиард долларлик 318та йирик инвестициявий лойиҳа, ҳудудий инвестиция дастури асосида эса 7,4 миллиард долларлик 15 710 инвестициявий лойиҳа амалга оширилди. Натижада жами 275 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Инвестиция жалб қилишни рағбатлантириш ва инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларини амалий қўллаб-қувватлаш бўйича механизмни такомиллаштириш, шунингдек, масъул раҳбар ва ходимларни бириктириш орқали лойиҳалар амалга оширишнинг доимий мониторингини олиб бориш тизимини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.
Бўш турган ва тўлиқ қувват билан ишламаётган корхоналарни “соғломлаштириш” бўйича амалга оширилган ишлар натижаси кўриб чиқилди. Ўтган йил якуни бўйича 2040 та шундай корхона фаолияти ўрганилиб, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чоралар кўрилди. Натижада 1908 (94 фоиз) корхона тўлиқ қувват билан ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу мамлакатимиз саноатига қўшимча 4,1 трлн. сўмлик тайёр, 184 млн долларлик экспорт маҳсулотги етказиб бериш, 25 мингга яқин иш ўрни ташкил этиш имконини берди. 152 дона фойдаланилмаётган технологик ускуна ҳам ишга туширилди. Натижада мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Юзага келаётган масалаларга зудлик билан жавоб бериш ва муаммоларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида фойдаланишга топширилган ишлаб чиқариш объектлари фаолиятини мониторинг қилиш механизмини яратиш вазифаси белгиланди.

Йиғилишда инвестициявий фаолиятни рағбатлантириш ва лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича ҳисобот эшитилди. Ҳудудий лойиҳа гуруҳлари шакллантиришни жадаллаштириш ҳамда туман ва шаҳар ҳокимларининг тадбиркорликни ривожлантириш, бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳар бир маҳаллада фаолият юритаётган ёрдамчилари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
2022 йилда экспорт салоҳиятини юксалтириш, хорижга етказиладиган маҳсулот ҳажмини ошириш масаласи кўриб чиқилди. Маҳаллий экспортчилар олдида турган муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш мақсадида экспорт қилувчи корхона, мижоз ва маҳсулот ҳажми кўрсатилган экспортга ортиш манзилли жадвалини шакллантириш топширилди.
Алоҳида тартибда халқаро молия институтлари ва хорижий давлат молия ташкилотлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масала, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича музокаранинг бориши, транспорт инфратузилмасини кенгайтириш ва мамлакатда логистика салоҳиятини юксалтириш бўйича чора-тадбирлар ҳамда бошқа долзарб вазифалар кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларга қўшимча манзилли кўрсатмалар берилди.
Г.Сатторова,ЎзА