2 триллионлик режа Берлинга ёқмади
Европа Иттифоқининг келгуси етти йиллик бюджети атрофида кескин баҳс бошланди. Германия Еврокомиссия таклиф қилган қарийб 2 триллион евролик молиявий режани ҳаддан ташқари қиммат ҳисоблаб, ҳужжат қийматини 400 миллиард евро қисқартириш талабини илгари сурди. Ҳозирги кўринишда бюджет бўйича келишувга эришиш қийин.
Берлиннинг хавотири бежиз эмас, чунки лойиҳа амалдаги 2021-2027 йиллар бюджетига нисбатан анча қиммат. ГФР таклиф қилаётган қисқариш қабул қилинган тақдирда ҳам миқдор ҳозирги молиявий режадан қарийб 27 фоиз юқори бўлиб қолади.
ЕИ ғазнасига энг кўп маблағ йўналтираётган давлат сифатида Германия ўз йиллик бадали 50 миллиард евродан ошиб кетишидан чўчимоқда. Шу боис федерал ҳукумат харажатни қайта кўриб чиқиш ва самарадорликка жиддийроқ эътибор қаратишни талаб қиляпти.
Канцлер Фридрих Мерц музокарани чўзмаслик тарафдори. Унинг фикрича, 2027 йил Франция, Польша ва Италияда муҳим сайловлар бўлиб ўтиши арафасида бюджет бўйича келишувга эришиш шарт. Акс ҳолда мазкур молиявий ҳужжат янада кучли сиёсий тортишувни юзага келтириши мумкин.
Хуллас, бюджет лойиҳаси тасдиқланиши учун барча 27 давлат розилиги зарур. Германиянинг кескин ёндашуви эса Брюсселни оғир ва муросасиз музокара кутаётганини англатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА