Энергетика тармоғи ривожлантирилмоқда
Тошкентда мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва энергияни тежашнинг янги имкониятларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тошкентда мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва энергияни тежашнинг янги имкониятларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.Тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси ва БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда тармоқ вазирлик ва идораларининг етакчи мутахассислари, халқаро ташкилотлар экспертлари, тадбиркорлар, Корея Республикаси Яшил технологиялар маркази энергия самарадорлиги соҳасининг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Стефан Приснер ва бошқалар Ўзбекистонда саноат объектларининг энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Давра суҳбати иштирокчилари айни пайтда Ўзбекистонда мавжуд электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтиришга асосланган энергетика тармоқларини ривожлантириш дастури амалга оширилаётганини қайд этди. Ушбу дастур қайта тикланадиган энергия манбалари – шамол, қуёш ва гидроэнергетикани ривожлантириш, бирлаштирилган қуёш-иссиқлик электр станцияларини жорий этишни назарда тутади.
Муқобил энергетикани ривожлантириш билан бир қаторда новаторлик технологияларини жорий этиш орқали ишлаб чиқарилаётган энергиядан тежамкорлик билан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу технологиялар уйни иситиш ва совитишда электр энергияси истеъмоли ҳажмини камайтириш имконини беради.
Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва фойдаланиш соҳасида илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг муҳим таркибий қисмларидан биридир. Шунингдек, бошқа мамлакатларнинг ушбу йўналишдаги тажрибаси ўрганилиб, қайта тикланадиган энергия манбалари, энергиядан фойдаланиш самарадорлиги ва энергия тежаш соҳасида хорижлик мутахассислар билан мунтазам фикр ва тажриба алмашилмоқда.
Бу борада Корея Республикасининг Яшил технологиялар маркази ҳамкор ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ушбу марказ қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги миллий сиёсатни ишлаб чиқиб мувофиқлаштирадиган махсус давлат органидир. Марказ мутахассислари ўзбекистонлик ҳамкасбларининг ишлари билан атрофлича танишиб, “яшил технологиялар” соҳасидаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
– Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида улкан салоҳиятга эга, – дейди Яшил технологиялар марказининг ҳамкорлик бўйича директори Крис Канг. – Бу ерда муқобил энергетикани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар бизда катта таассурот қолдирди.