16 нафар ҳоким ёрдамчиси жавобгарликка тортилди
Маълумки, давлат органлари томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши Бизнес-омбудсман томонидан доимий назорат қилиб борилади.
Шу кунларда ташкилот томонидан ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Уларни қийнаётган асосий масалалар, жумладан, ноқонуний қарорлар, асоссиз солиқ ҳисоблаш, субцидия ажратиш, шартномавий муносабатлар билан боғлиқ муаммолар ўрганилмоқда.
Хусусан, online-mahalla.uz платформаси орқали келиб тушган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши юзасидан ўтказилган таҳлиллар навбатдаги қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.
Жумладан, Фарғона вилоятида 34 та ҳолатда ҳоким ёрдамчилари томонидан тадбиркорларнинг кредит ажратиш билан боғлиқ мурожаатларига белгиланган тартибда хулоса берилмаган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилдаги 373-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 19-бандида ҳоким ёрдамчиси қарз олувчининг аризасига асосан жойига чиққан ҳолда, унинг фаолият тури бўйича шарт-шароитлари, имконияти ҳамда етарли кўникмаси мавжудлигини ўрганиб, ўрганиш натижаси бўйича фотоҳисобот ва қарз олувчининг харитадаги жойлашувини илова қилган ҳолда кредит ажратиш учун тавсиянома ёки кредит ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани 5 иш куни мобайнида Ягона электрон платформага жойлаштириши белгиланган.
Таҳлил якунларига кўра, низом талабларига риоя этмаган 16 нафар мансабдор шахс белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди ва тадбиркорларга кредит олиш бўйича хулоса берилиши таъминланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА