15 октябрдан Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш бошланади
2027 йил якунига қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалиги бўйича маълумотларни ягона статистик регистрлар асосида юритиш тизими жорий этилади.
Аҳоли сонини аниқ ҳисоблаш, статистик маълумотларни мунтазам янгилаб бориш ва улардан самарали фойдаланиш мақсадида мамлакатда янги тизим йўлга қўйилади. Бу Президентимизнинг 2026 йил 10 сентябрдаги “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Фармонга мувофиқ, 2027 йил якунига қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларидан фойдаланган ҳолда Миллий статистика қўмитасида аҳолининг статистик регистри шакллантирилади.
Янги тизим аҳоли сонини ҳисоблаш ва бу борадаги статистик маълумотларни мунтазам янгилаб, эълон қилиб бориш имконини беради. Бу эса аҳолига оид маълумотларни янада аниқ ва ишончли шакллантиришга хизмат қилади.
Фармонда белгиланган вазифаларга кўра, давлат органларининг аҳолига оид мавжуд маълумотлар базалари ўзаро мувофиқлаштирилади. Улардан зарур маълумотлар аҳолининг статистик регистрига интеграция қилиниб, маълумотларни доимий равишда янгилаб бориш механизми йўлга қўйилади. Шу тариқа турли давлат идораларида мавжуд аҳолига оид маълумотларни ўзаро мувофиқлаштириш орқали статистик ҳисоб-китобларнинг аниқлиги ва долзарблиги оширилади.
Янги регистрни жорий этишда ахборот хавфсизлиги ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, аҳолининг статистик регистри “Киберхавфсизлик маркази” давлат муассасаси томонидан киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан экспертизадан ўтказилади. Тегишли хулоса олинганидан сўнггина тизим амалиётга жорий этилади. Кейинчалик ахборот тизимининг хавфсизлиги доимий мониторинг қилиб борилади.
Муҳими, статистик регистрдаги индивидуал маълумотлардан фойдаланишга қатъий чеклов ўрнатилади. Регистрдан фақат алоҳида рухсат берилган ходимлар томонидан статистик мақсадларда жамланма маълумотларни шакллантириш учун фойдаланилади.
Бунда регистрда сақланадиган индивидуал маълумотлардан давлат органлари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Фармон доирасида қишлоқ хўжалигининг статистик регистрини шакллантириш ҳам назарда тутилган. Ундаги маълумотларни мунтазам янгилаб бориш таъминланади.
Умуман, мазкур чора-тадбирлар мамлакатда статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Аҳоли ва қишлоқ хўжалиги бўйича маълумотларни ягона статистик регистрлар асосида юритиш давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий режалаштириш ва таҳлил жараёнларида янада аниқ маълумотлардан фойдаланиш имконини кенгайтиради.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА