15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни
Халқаро қишлоқ аёллари куни — БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2007 йил 18 декабрда қабул қилинган резолюция билан расман белгиланган ва ҳар йил нишонланиб келинмоқда.
Мазкур халқаро сана қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг муаммоларига эътибор қаратиш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлаш каби мақсадларга қаратилган.
Маълумотларга кўра, бугун жаҳонда 1,9 миллиардга яқин аёл қишлоқ ҳудудларида яшайди. Улар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларидан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш тизимларида муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган аёлларга қулай шарт-шароит яратиш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, иш билан таъминлашга устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлигини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шаҳар ва қишлоқ аёлларига бирдек амал қилмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, юртимизда аёлларнинг 49 фоиздан ортиғи қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади. Таъкидлаш лозимки, қишлоқ аёлларининг меҳнати машаққатли, ҳаёт ва яшаш тарзи соддароқ бўлади. Уларнинг қишлоқ хўжалигидаги ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Шу билан бирга, қишлоқ аёлларининг оила мустаҳкамлиги ва болалар таълим-тарбиясидаги ўрни долзарб аҳамиятга эга.
Бугунги кунда шаҳар ва қишлоқларда бир хил шароит яратиш, қулайликларни ошириш, эҳтиёжманд оилаларни, аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсат натижаси ўлароқ, қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг турли соҳа ва тармоқлардаги, тадбиркорлик соҳасидаги иштироки ҳам кенгайиб бормоқда. Айниқса, олий таълим олиш истагидаги қизлар, аёллар сафи кенгаяётгани, улар орасида қишлоқ хотин-қизлари улуши ҳам кам эмаслиги қувонарлидир.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА