107 ёшли Равшаной момога «Шуҳрат» медали топширилди
Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, 100 ёшдан ошган бир гуруҳ фахрийлар «Шуҳрат» медали билан тақдирланишди. Улар орасида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги «Пахтаобод» маҳалласида умргузаронлик қилаётган, саккиз нафар фарзандни вояга етказган, бугун 90 нафар невара, чевара ва эвара ардоғидаги 107 ёшли Равшаной момо Муҳаммадиева ҳам бор.
Байрам арафасида вилоят ҳокими ўринбосари Фароҳиддин Раҳимов ва туман ҳокими Комилжон Муллажановлар онахон хонадонида бўлишиб, унга давлатимиз раҳбари номидан юксак мукофот — «Шуҳрат» медалини тантанали равишда топширишди. Шунингдек, Равшаной момога пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар ҳам тақдим этилди.
Равшаной момонинг 107 йиллик умрининг салкам 50 йили чўл ҳудудларини ўзлаштириш, янги ерларни очиш ва обод қилиш ишлари билан чамбарчас боғлиқ. Қарийб 45 йил муқаддам нафақага чиққан онахон меҳнат фаолияти давомида қишлоқ хўжалигининг турли тармоқларида — пахтачилик, боғдорчилик, чорвачилик ва пиллачилик соҳаларида фидокорона меҳнат қилди.

У туман жамоа хўжаликларида оддий ишчи сифатида ишлаб, деҳқончилик билан шуғулланган. Ўзига бириктирилган вазифаларни сидқидилдан бажариши, меҳнатсеварлиги, ҳалоллиги ва тўғрисўзлиги билан қишлоқдошлари ҳурматига сазовор бўлган.
Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги оғир шароитда фронт ортидаги меҳнатда фаол иштирок этган. Қишлоқдошлари билан бирга эрта тонгдан кечгача далада меҳнат қилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва эл-юрт фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган.
Кўп йиллик самарали меҳнати ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бир неча бор хўжалик раҳбариятининг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари билан тақдирланган.
Равшаной момо саккиз нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказди. Бугун эса 90 нафар невара, чевара ва эвараси даврасида, уларнинг меҳри ва эътиборини ҳис қилиб яшамоқда. Маҳаллада ҳам фаол бўлган онахон ёшларга ҳаётий тажрибалари ҳақида сўзлаб, уларни меҳнатсеварлик, ҳалоллик ва тинч-осойишта кунларнинг қадрига етишга ундайди.

Мукофот топширилган куни онахоннинг қувончи чексиз бўлди. У дуога қўл очар экан, аввало, юрт тинчлиги ва эл хотиржамлигини тилади.
— Биз, кексаларга алоҳида эътибор қаратаётган Президентимизга раҳмат! Мукофоту совғалардан бошим кўкка етди. Ҳозир юртимиз тинч, мамлакатимиз обод. Айниқса, дастурхонларимиз тўкин. Бунга фарзандларимиз, невара-чевараларимиз билан минг-миллион марта шукр десак арзийди. Чунки бизнинг болалик ва ёшлик йилларимиз ҳозирги ёшлар, невара ва чевараларимнинг ҳаётидан бутунлай фарқ қилади. Ўйин-кулги қаерда эди? Бир бурда нон, қоринни тўйғизиш учун нималар қилмадик. Бугун эса ҳаёт жуда яхши. Қани эди, яна бир бор бола бўлиб қолсам, — дейди қувонч билан Равшаной момо.

Момо бугун ҳам ҳаётга меҳр билан қарайди. Унингча, инсонни бардам тутадиган асосий омиллар — ҳалол меҳнат, ҳаракат, соғлом турмуш ва яқинларининг қувончини кўриб яшаш. Аммо барчасидан устуни — юрт тинчлиги.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири