10 минг ёшга ноутбук олиш харажатининг ярми қоплаб берилади
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказмоқда.
“Рақамли ҳукумат” марказида биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилди. Кейинги йил кластер қуввати 3 карра оширилади. Жорий йилда 20 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси ташкил этилади.
Ёшлар тармоқ ва ҳудуддаги масалаларга сунъий интеллект орқали ечим топишда ушбу суперкомпьютер ва лабораториядан бепул фойдаланади.
Сўнгги йилларда Тошкент, Нукус, Қарши, Термиз, Урганч, Фарғона шаҳарларида замонавий АТ парклар ишга туширилди. Ўтган ҳафта Янги Наманганда яна бир йирик лойиҳага старт берилди.
Андижон, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Гулистон, Чирчиқ, Нурафшон, Навоий шаҳарларида ҳам умумий майдони 100 минг квадрат метр бўлган йирик АТ парклар барпо этиш бошланяпти.
Булар ҳисобига 20 мингдан зиёд ўғил-қизлар учун юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Шунингдек, “Менинг биринчи компьютерим” дастури бошланади. Эҳтиёжманд оиладаги 10 минг ёшга ноутбук олиш харажатининг ярми Рақамли технологиялар жамғармасидан қоплаб берилади, қолган қисмига эса уч йилда бўлиб тўлаш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.
ЎзА