Қуёш электр станцияси иш бошлади
Наманган вилоятининг Поп туманида қуёш фотоэлектр станцияси иш бошлади.
Наманган вилоятининг Поп туманида қуёш фотоэлектр станцияси иш бошлади.Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда жаҳон энергетикасини ривожлантиришда энергия ресурсларини тежашни кучайтириш устувор йўналиш ҳисобланади. Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида энергия тежайдиган технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш ва мавжуд энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни кўзда тутувчи энергияни тежаш сиёсатининг изчил амалга оширилаётгани ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини пасайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда энергия ресурслари ва энергияни тежаш, шунингдек, муқобил энергия манбалари соҳасига технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш бўйича қатор давлат дастурлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда улкан салоҳиятга эга бўлган қайта тикланадиган ва янги турдаги энергия ресурслари – қуёш ва шамол энергияси, гидроресурслар, биомасса, геотермал ресурсларни ўзлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишларни ривожлантириш қайта тикланмайдиган ресурсларни (газ, нефть, кўмир) келажак авлод учун сақлаш, республикамизда экологик аҳволни янада яхшилаш имконини беради.
Мамлакатимизда энергиянинг арзон, истиқболли, қайта тикланадиган, энг муҳими, экологик хавфсиз муқобил манбаларни яратиш борасида амалга оширилаётган изланишлар ўз самараларини бермоқда. Бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар давлат томонидан молиялаштирилиб, хорижий инвестициялар жалб этилаётгани муҳим аҳамият касб этаётир.
Поп туманининг Водий қишлоғида қурилган замонавий электр станцияси ҳам ана шу чора-тадбирларнинг амалдаги ифодасидир. Станциянинг қурилиш- монтаж ишлари “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси ва Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари мутахассислари иштирокида амалга оширилди.
Станцияда умумий қуввати 130 киловаттга эга бўлган беш турдаги қуёш батареяли панеллар синов тариқасида ўрнатилди ва улар дастлабки энергияни бера бошлади. Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ўрнатилган технологияларнинг самарадорлигини ўрганиш ва синов жараёнидан яхши ўтган юқори самарали панеллар русумини бутун минтақага татбиқ этишдир. Шунингдек, лойиҳа доирасида қуёш энергетикаси соҳасида маҳаллий мутахассислар тайёрлашни янада такомиллаштириш ҳам кўзда тутилган.