Қўзилатиш мавсуми якунланмоқда
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш жараёнида чорвачиликни ривожлантириш, наслли қорамол зотларини кўпайтириш, айниқса, қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш жараёнида чорвачиликни ривожлантириш, наслли қорамол зотларини кўпайтириш, айниқса, қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Навоий вилояти қоракўлчилик ширкат хўжаликлари чорвадорлари жорий йилги қўзилатиш мавсумини муваффақиятли якунламоқда. “Навоий-қоракўл” бирлашмасидан олинган маълумотларга кўра, қўзиларнинг барчаси ўстиришга қолдирилмоқда. Айни пайтда отарларда қўзилатиш ишлари деярли якунланиб, қирқим мавсуми бошланди.
Жорий йилги қўзилатиш мавсумида ширкат хўжаликларига махсус зооветеринар бириктирилиб, отарларда доимий назорат ўрнатилди. Чўпонларга мавсумий кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари зарур миқдорда етказиб берилди.
Бу ишлар чорвада учрайдиган турли касалликларнинг олдини олиш, чўпонларга қулайлик яратиш, мавсумни муваффақиятли ўтказишда муҳим омил бўлди. Конимех, Учқудуқ туманларидаги “Сарибел”, “Маданият”, “Алтинтау” ширкат хўжаликларида қўзилатиш муваффақиятли якунланди.
Қизилқум кенгликларида асосан сур, қора ва кўк рангли коракўл насллари, зармалла типидаги қоракўл қўзилари парваришланаётир. Ушбу қоракўл зотлари нафис ва бежиримлиги билан ажралиб туради.
– Жорий йилги мавсумда 217 бош совлиқдан соғлом қўзилар олиниб, ўстиришга қолдирилди, – дейди Конимех туманидаги “Маданият” қоракўлчилик ширкат хўжалиги бош чўпони Турмухан Ширинбетов. – Айниқса, баҳор серёғин келиб, ўт-ўлан мўл бўлди. Чўпонларнинг кўнгли тўқ.
Вилоятда қоракўл ширкат хўжаликлари томонидан жун етиштириш ҳам яхши йўлга қўйилган. Конимех тумани ва Зарафшон шаҳридаги жунни қайта ишлаш фабрикаларида хомашёнинг асосий қисми қайта ишланиб, ярим тайёр ва тайёр маҳсулот ҳолида харидорларга етказиб берилаётир. Конимех туманидаги Абай номидаги ширкат хўжалигида жорий йилда жунни ювиш ва калава йигириш цехи ташкил этилди. Замонавий технология билан жиҳозланган цех йилига 10 тонна жунни қайта ишлаш қувватига эга. Эндиликда “Маданият” ширкат хўжалигида ҳам жунни қайта ишлаш ва калава йигириш цехи ташкил этиш режалаштирилмоқда.