Ўқув сифатини оширишга эътибор
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказишга бағишланган видеосеминар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказишга бағишланган видеосеминар ўтказилди.
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров мамлакатимизда мактаб таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ўқув-тарбиявий жараённинг сифатини янада яхшилашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2019 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”сида вариатив – ўзгарувчан ўқув режаларининг жорий этилиши белгиланганди.
Вариатив ўқув режаларининг жорий қилиниши ўқувчиларнинг ўзлари қизиққан фанларни чуқур ўрганиши, битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўриши ва юқори синфларда ўқув жараёни касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири буйруғи билан 2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Видеосеминар доирасида иштирокчиларга мактабларда вариатив ўқув режаларни жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.
Республика таълим маркази директори Ҳикматилла Даминов умумтаълим мактабларида вариатив ўқув режани тажриба-синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида гапирди.
Тақдимот доирасида танлов синфларини шакллантириш ва вариатив ўқув режаларни жорий этиш бўйича аҳамият берилиши керак бўлган масалаларга тўхталиб ўтилди.
Танлов синфлари хорижий тил ва филология, молия-иқтисод, технология, табиий фанлар, ижтимоий-гуманитар йўналишлар бўйича ташкил этилиши тавсия қилинди.
Видеосеминарда танлов синфлари бир ёки бир неча йўналишда очилиши мумкинлиги айтиб ўтилди. Шу билан бирга, вариатив ўқув режаларининг жорий қилиниши ихтиёрийлиги ва мактабда танлов синфини ташкил этишда юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олиниши кераклиги таъкидланди.
Видеосеминарда республика бўйича барча ҳудудлардаги халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари раҳбарлари ва масъул ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.