Қўлни-қўлга бериб бирлашайлик
Айни пайтда дунё миқёсида коронавирус инфекцияси деган офат ёйилди.
Муносабат
Айни пайтда дунё миқёсида коронавирус инфекцияси деган офат ёйилди. Мазкур вирус жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугун бу вирус барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз таьсирини кўрсатмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан юртимизда карантин жорий этилди. Хусусан, Республикамиз бўйлаб барча таълим муассасаларда таьтил эълон қилинди.
Жойларда ва ижтимоий тармоқларда # Uyda qoling, vahimasizkarantin каби чорловчи тарғибот сўзлари орқали кишиларни бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишга ундамоқда.
Юртимизда ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этишда айни кунларда масофавий таьлим дарслари йўлга қўйилди. Бир қанча тарғибот акциялари ўтказилмоқда. Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳам мана шундай тарғибот акциясида ўз ҳиссасини қўшмоқда. Марказ томонидан # Uyda qoling va kitob oʻqing, 10 kunga 10 alloma, Har bir ota-ona pedagog каби акция ва лойиҳалар эълон қилинди.
Дарҳақиқат тарбия ва таълимни бир-биридан алоҳида ажратиб бўлмайди. Бу икки жараён ўзаро уйғун, узлуксиз асосда ташкил этилгандагина одобли, ахлоқий фазилатларга эга, юксак маънавиятли, шу билан бирга билимдон, зукко, руҳан ва жисмонан соғлом, кенг дунёқараш ва тафаккурга эга, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлган ватанпарвар ёшларни етиштирса бўлади. Шу муносабат билан соҳада “Узлуксиз маънавий тарбия” концепцияси ҳам фарзандларимиз онги ва қалбида маънавий-ахлоқий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишдир. Мана шулар орқали уларда китоб ўқиш, буюк алломалар қолдирган бебаҳо хазиналардан баҳраманд бўлиш билан бирга, уларни янгича ижодий қобилиятларини ҳам юзага чиқаришимиз мумкин бўлади.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик: биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз. Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ҳеч ким четда турмаслиги, “Ўз болангизни, ўз уйингизни, ўз Ватанингизни кўз қорачиғидек асранг!” деган шиор одамларимиз қалбидан чуқур жой олиши керак. Биз кўлни-қўлга бериб бирлашсак, ўйлайманки бу офатдан барчамиз халос бўламиз.
Ортиқча ваҳимага берилмасдан, бу офатларга қарши маърифатимиз, юксак маънавиятимиз билан курашайлик. Оллоҳ барчамизни ўз паноҳида асрасин.
Азиз ҲАКИМОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Бухоро шаҳар бўлинмаси раҳбари,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси.