Ўқитувчининг ўзи ҳам бадиий асар ўқиши керак
Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатга йўллайдиган Мурожаатномасида ҳаётимизнинг муҳим масалалари белгилаб берилишини бугун барча юртдошларимиз орзиқиб кутмоқда.
Давр нафаси
Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатга йўллайдиган Мурожаатномасида ҳаётимизнинг муҳим масалалари белгилаб берилишини бугун барча юртдошларимиз орзиқиб кутмоқда. Чунки, ўтган йилги Мурожаатномада кўрсатиб ўтилган устувор вазифалар ҳаётда ўз аксини топаётгани одамларнинг эртанги янада обод кунга ишонч ҳиссини ошираётгани сир эмас.
Агар ўтган уч йилга назар ташлайдиган бўлсак, жамиятимизда кўп ўзгариш ва янгиланишлар юз берганини ёшу кекса мамнунлик билан эьтироф этмоқда. Жумладан, бу жараёнда китоб мутолааси ва аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган юксак эьтибор ҳамда бешта муҳим ташаббуснинг ўзи ҳаётимизда муҳим тарихий қадам бўлди. Фарзандларимизни китобга ошно этиб, миллатимизнинг буюк куч-қудратини жаҳон узра кенг тараннум қилишга қулай имконият бўлди. Бироқ, ана шу имкониятлардан қандай фойдаланаяпмиз?
Тўғри, бу эзгу ғоялар асосида китобхонлик танловлари ташкил этиб, энг яхши китобхонларни рағбатлантираяпмиз. Маҳалла ва мактабларда кутубхоналарни қайта тиклаб, турли китоблар етказиб бераяпмиз. Китоб карвонлари ташкил этиб, пойтахтдан китоблар олиб келиб, тантанали топшираяпмиз.
Хўш, ана шу кутубхоналарда кимлар ишлаяпти? Кадрларни тўғри танлай олаяпмизми? Ёки таниш-билишчилик билан ишга қабул қилдикми?
Бу саволни ўртага ташлаётганимнинг боиси шундаки, агар кутубхонага китоб билан дўст тутинган, ҳаётини китоб мутолаасисиз ҳис этолмайдиган инсонларни танлаб олган бўлсак, у кутубхонани ҳақиқий маьнавият масканига айлантиради. Мабодо таниш-билишлар юзидан утолмай муқаддас бу даргоҳни китобхонликдан узоқ кишиларга ишониб топширган бўлсак, китоб мутолаасига иштиёқи бор ёшларни ҳам кутубхонадан узоқлаштиради.
Миллатимиз маьнавияти, келажаги билан бевосита боғлиқ бу масаланинг менимча яна бир тарафи бор. Бугун ўқитувчилар нуфузи кўтарилди. Уларнинг моддий манфаатдорлиги, ойликлари оширилмоқда. Бошқа ишларнинг этагидан тутганлари ҳам яна таьлим муассасаларига қайтаётир. Кутубхоналардаги китобни ким ўқияпти? Ўқитувчилар кутубхонага кириб, бадиий китоб мутолаа қилишга вақт ажратаяптими? Қандай китобларни ўқияпти? Ўқувчиларчи? Ақалли халқ таьлими бўлимларида буни таҳлил қилаётган мутасаддилар борми?
Масалан, бўш вақт топдим дегунча бирон бадиий асарни мутолаа қилишга интиламан. Балким, касбим бўлгани учун, тўсатдан шу китоб ҳақида сўраб қолишса мулзам бўлмай, уялиб қолмай, деган мақсадда ҳам кўпроқ бадиий асар ўқишга ҳаракат қиларман. Педагог-чи? Ўқувчиларини китобхонликка қизиқтириш учун ҳам бадиий асарларни кўпроқ ўқиши, ёшларга намуна бўлиши керак, деб ўйлайман. Афсуски, яқин ўртада кутубхонамизда фалон асарни ўқиб чиқдим. Ажойиб китоб экан. Уни ўқувчиларимга ҳам тавсия этдим, деган педагогни учратмадим. Бор бўлса ҳам улар бармоқ билан санарлидир.
Иккинчидан, мактаб кутубхоналарига келтирилаётган китобларнинг бадиий савияси қандай? Негаки айрим ҳолларда савияси паст китоблар ҳам нашрдан чиқиб қолаётгани сир эмас. Шунинг учун мактаб кутубхоналарига олиб келинадиган китобларни бир ёки икки киши эмас, махсус тузилган комиссия танласа мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Давлатимиз раҳбарининг бу сафарги Мурожаатномасида ҳам жамиятимизни янада ривожлантирадиган муҳим масалалар ўз ифодасини топишига ишонаман. Ана шу эзгу ғоялар атрофида ёниб, жипслашиб яшаш, унда тақдим этилган масалалар ечимига барчамиз масъуллик туйғуси билан ёндашишимиз керак.
Менгнор АЛЛАМУРОДОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Сурхондарё вилояти бўлими раиси