Ўқитувчи ёки мутахассисларнинг камчилигини излаш эмас, зурриётининг келажаги учун ота-оналар ҳам ҳаракат қилиши шарт
Донишмандларимиз таъкидлаганидек, инсоннинг фазилати унинг қўлида нималар борлиги билан эмас, балки у бошқаларга нималар бера олиши билан белгиланади.
Донишмандларимиз таъкидлаганидек, инсоннинг фазилати унинг қўлида нималар борлиги билан эмас, балки у бошқаларга нималар бера олиши билан белгиланади.
Масалан, ўқитувчида билим бор, лекин унинг фазилати шу билим ва тажрибасини ёш авлодга тўғри йўл кўрсатиш, уларнинг комил инсон бўлиб вояга етишига йўналтира олишидадир.
Жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб шу кунларга қадар биз, ўқитувчилар муҳим синовни ўз бошимиздан ўтказаяпмиз. Янгиликка ташна, қизиқувчан, билимли ёшларимизнинг юз-кўзи, фикрлари, ўтилаётган мавзуни қанчалик ўзлаштираётганликларини жонли тарзда кузатмаслик, улар билан суҳбатлашмасликнинг ўзи катта бир синов. Қолаверса, ўқувчиларга масофадан туриб янги мавзуларда сабоқ бериш, топшириқларнинг бажарилишини назорат қилиш масаласи, очиғини айтганда, аксарият ҳамкасбларим сингари каминани ҳам аввалига ўйлантириб қўйди. Ўтилмай қолган мавзулар, текширилмай қолган уй вазифалари нима бўлади, болажонларимизнинг интилишлари сўниб қолмасмикан, деган ўй-хавотир бизни тарк этмасди.
Шукрки, Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканаллар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар ва расмий веб-сайтлар орқали ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини ўз ичига олган онлайн дарслар намойиш этилмоқда.

Ўрни келганда айтиш керак, ҳар қандай янгиликни ҳар ким турлича қабул қилади. Турфа хил муносабатни онлайн дарсларга нисбатан ҳам кузатаяпмиз. Сўнгги ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда онлайн дарсларнинг сифати, савияси ва услубияти борасида бир қанча баҳс ва мунозараларнинг гувоҳи бўлаяпмиз. Айрим юртдошларимиз ўқитувчиларнинг хато ва камчиликларини кўрсатишга уринса, яна бошқа ҳамюртларимиз уларнинг ютуқ ва ўзига хослигини санаб ўтишни маъқул кўрмоқда. Бу борада яхлит хулоса беришга шошилмаётганлар ҳам оз эмас.
Иш бор жойда камчилик бўлади. Айрим дарслардаги камчиликларга кўз юмиб бўлмаслиги аниқ, бироқ унданда аниқ бир жиҳат бор: шундай оғир бир вазиятда, қисқа муддат ичида миллионлаб ўқувчи ва ота-оналар, мутахассисларнинг эътибори ва эътирофига сазовор бўла олиш, бир вақтнинг ўзида бир қанча минг ўқувчиларга тушунарли услуб ва тилда дарсларни ўта олишга қодир, малакали, жасоратли, фидоий ўқитувчиларимиз талайгина эканлиги кишини қувонтиради.
Видеодарсларни ўтишда иштирок этаётган юздан ортиқ ўқитувчиларнинг олдида таъзим қилмасликнинг иложи йўқ. Жузъий камчиликларга келсак, уларни тузатишга мунтазам равишда ҳаракат қилинмоқда. Хусусан, Халқ таълими вазирлиги дарсларни доимий такомиллаштириб бориш мақсадида таклифларни йиғиш бўйича онлайн майдонни ташкил этгани, шу пайтга қадар 90 га яқин таклифлар келиб тушгани бугунги дарслар кечагига, эртанги дарс бугунгига нисбатан яхшироқ ўтилишини кафолатлайди.
Масалан, бизнинг синфимизда 34 нафар ўқувчи бор. 34 ўқувчи шунча хил олам, феъл-атвор, хулқ, билим ва тарбия соҳибларидир. Уларнинг ҳар бири билан индивидуал тарзда ишлаш, дарс ўтиш биз, ўқитувчиларга анъанага айланиб қолган. Онлайн дарслар давомида бундай ёндашув 34 нафар ўқувчиларнинг ўзигагина эмас, балки уларнинг ота-оналарига ҳам алоҳида эътибор қаратишни назарда тутаяпти. Демак, бу жараёнда мактаб ва оила ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилиши табиий.
Гапнинг сирасини айтганда, аввалига онлайн дарсларга жиддий эътибор қаратмаган ота-оналар ҳам учради. Ҳатто “Телефонни болага беришнинг нима кераги бор?”, “Телефон орқали ҳам уй вазифасини жўнатиб бўлармиди?”, “Интернетимда мегабайтим йўқ”, “Интернетга уланадиган замонавий телефоним йўқ” қабилидаги баҳонаю сабаблар ҳам йўқ эмас эди. Бироқ “1-синф ўрта умумтаълим мактабининг энг муҳим босқичи эканлиги, бу босқичда болаларимиз келажагининг пойдевори қурилиши, бугун сиз, ота-оналар бола билан алоҳида шуғуллансангиз, эртанги кунда фарзандингиз юқори синф дарсларини ўзлаштириши осонроқ кечишини” бирма-бир тушунтирдик.
Энг муҳими, ота-оналар юзага келган вазиятни тўғри баҳолай олди ва фарзандлари билан биргаликда машғулотларга оид уй вазифаларни тайёрлашда фаолликни қўлдан бой бермаяпти. Ҳар бир ўтилган мавзуни телеграм тармоғида ташкил этилган гуруҳларимизда муҳокама қилаяпмиз, уй вазифаларни бажаришда қайси жиҳатларга эътибор қаратишни тушунтириб бормоқдамиз. Ўқувчилар билан қайта алоқа қилишнинг ҳам уддасидан чиқишга ҳаракат қилаяпмиз. Меҳнати ва ҳаракатига муносиб баҳо қўйишдан ташқари уларни рағбатлантиришга қаратилган мақтов ва олқишларимизни аямаймиз.
Қисқасини айтганда, дўст кулфатда синалади, дейилганидек, фарзандларимизнинг чин дўстига айланишни, уларнинг келажакда комил шахс бўлиб вояга етишини истар эканмиз, уларнинг билими ва дунёқарашини бойитишга хизмат қиладиган ҳар қандай услуб ҳамда воситадан унумли фойдаланиш ўзимизга боғлиқ. Зотан, фақатгина ўқитувчи ёки мутахассисларнинг камчилигини излаш эмас, зурриётларимизнинг келажаги порлоқ бўлиши учун ўзимиз устозлари билан ҳамкорликда олдинга қараб ҳаракат қилмоғимиз шарт.
Фотима ЖЎРАЕВА,
ўқитувчи