Ўқитувчи, ўқувчи ва ота-оналар мулоқот майдони
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги 44-умумтаълим мактабида 4 апрелдан буён дарслар тўхтагани йўқ. Бу ахборотнинг қанчалик ҳақиқатлигини билиш учун мактабга бориб, синф журналларидан ўқувчиларни йўқлама қилишнинг ҳожати йўқ.
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги 44-умумтаълим мактабида 4 апрелдан буён дарслар тўхтагани йўқ. Бу ахборотнинг қанчалик ҳақиқатлигини билиш учун мактабга бориб, синф журналларидан ўқувчиларни йўқлама қилишнинг ҳожати йўқ. Мактабда барча синфларнинг telegram каналида очилган гуруҳларидаги иштирокидан билиб олиш мумкин.
Ғаллаорол шаҳри Ғафур Ғулом маҳалласида истиқомат қилувчи Тошқуловлар оиласининг икки ўғли шу мактабда таълим олади. Шу кунларда 5-синфда ўқийдиган Ойбек ва 2-синфда ўқиётган Асилбек Ўзбекистон телеканллари орқали берилаётган online дарсларга мунтазам қатнашмоқда.
Болаларнинг ота-оналари ҳам ишга чиқмаётгани боис ўқишларини назорат қилиб боришлари учун вақти етарли. Таълимда оилавий иштирок этиш жараёнида ота-оналар ҳам фарзандларининг билимларини, қобилият ва қизиқишларини яхшироқ билиб олиш имкониятига эга бўлди.
Синфнинг telegram каналидаги гуруҳ ўқитувчи, ўқувчи ва ота-оналарнинг мулоқот майдонига айланди. Бу гуруҳда ҳамманинг ўз вазифасини қандай бажараётгани кўриниб туради. Ота-она болаларнинг дарсга қатнашишини, уй вазифасини тайёрлашини назорат қиляпти, ўқитувчи ўқувчининг гуруҳга жойлаштирилган дафтари уй вазифаларнинг бажарилишини текшириб баҳолаяпти. Бутун синфда бу иш қандай амалга оширилаётгани ҳамманинг кўз ўнгида турибди. Энг муҳими шу жараёнда ота-оналар билан ўқитувчилар, айниқса, синф раҳбари ўртасида алоқа анча мустаҳкамланди.
Жумладан, Ойбек Тошқулов ўқийдиган синфдаги ўқувчилар telegramдаги “44-мактаб 5-“F”синф” гуруҳида иштирок этаётир. Каналдаги гуруҳнинг фаолияти билан танишган киши ушбу синфда дарслар ҳар доимгидек давом этаётганига гувоҳ бўлади.
– Синфимизда дарсда қатнашмаётган ўқувчилар йўқ, – дейди 5-“F”синфи раҳбари Орзугул Расулова. – Ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиши ва ўзлаштирилишини назорарат қилиш учун 4 апрелда интернет telegram каналида “44-мактаб 5-“Ғ”синф” гуруҳи очганмиз. Айни пайтда 25 нафар ўқувчи гуруҳнинг фаол иштирокчиси. Шу telegram гуруҳда 8 нафар фан ўқитувчиси, 3 нафар ўқув ишлари бўйича мактаб директори ўринбосари ва ота-оналардан 2 нафар кузатувчи ҳам бор. Гуруҳда қатнашиш имкони бўлмаган ўқувчилар билан телефон орқали боғланиб, дарсларни ўзлаштиришларини назорат қилиб бораётирмиз.
Мактабдаги 60 та синфда 1 минг 664 нафар ўқувчи таълим олаётир. Шу синфларининг барчасида online дарслар учун синф раҳбарлари томонидан гуруҳлар ташкил этилиб, дарс ўтадиган ўқитувчилар ҳам жалб қилинган. Барча синфларнинг telegramдаги гуруҳларга ота-оналар ҳам жалб этилгани болаларнинг қандай билим олаётганини мунтазам кузатиб бориш имконини яратди.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, вертуал таълим жараёнида барча синф раҳбарларининг ўз ўқувчиларининг ота-оналари билан доимий мулоқот қилиб бориш имкони туғилди. Тўғриси, айнан шу мулоқотнинг етишмаслигидан кўпчилик шикоят қилиб келаётган эди.
Бу мулоқот юзма-юз эмас, телефонда, интернат орқали бўлсада яхши самара бериши маълум. Мулоқотларда таълим билан боғлиқ кўп масалалар, айниқса ўқувчиларнинг ТВда берлиётган сабоқларни қандай ўзлаштирилаётгани кенг муҳокама қилинаётир.
– ТВда берилаётган дарсларнинг юқори савияда берилаётганидан мамнунмиз, – дейди мактабнинг 2- “Ғ”синфи ўқитувчиси Шарофат Эркаева. – Ўқувчилар ҳам вертуал машғулотларга ўрганиб қолишди. Фақат айрим дарс ўтаётган ўқитувчилар тез гапраяпти ва дарс учун берилган вақт баъзи мавзулар учун жуда қисқалик қилаяти. Айрим ўқувчилар доскадагиларни кўчириб олишга улгуролмай ва тушуниб олишга қийналиб қолишяпти. Дарс вақтини кўпроқ қўйса янада яхши бўларди.
Бугун вилоятдаги давлат умумтаълим мактаблари ўқувчилари теледарсларда иштирок этмоқда. Интернет тармоғида очилган доимий виртуал мулоқот орқали устозлар ўқувчиларнинг ТВдаги дарслар, онлайн сабоқларни ўзлаштиришларини ҳамда кундалик вазифаларнинг бажарилишини назорат қилиб бормоқда.