Зеленский: Украинага ЕИда ярим эмас, тўлиқ ўрин керак
Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат учун Европа Иттифоқида рамзий ёки қисман эмас, балки тўлиқ аъзолик зарурлигини билдирди. Унинг айтишича, Украина бугун нафақат ўзини, балки бутун Европани ҳимоя қилмоқда ва шу сабабли тўлиқ интеграцияга лойиқ.
Бу баёнот ЕИ Украина учун 90 миллиард евролик ёрдам ва Россияга қарши янги санкциялар пакетини маъқуллаган бир пайтда янгради. Энди асосий масала — Украина аъзолик музокараларини бошлаш бўлиб турибди. Бу жараён эса узоқ вақтдан бери Венгрия томонидан тўсиб келинаётган эди.
Европа етакчилари орасида Украина аъзолиги борасида турли қарашлар мавжуд. Айрим давлатлар Киевнинг тезкор қўшилишини қўллаб-қувватласа, бошқалар барча талаблар тўлиқ бажарилиши кераклигини таъкидламоқда. Шу боис, жараён тезлашиши мумкин бўлса-да, у мураккаб сиёсий келишувларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Киев музокараларни чўзмасдан, белгиланган қоидалар асосида иш кўриш тарафдори. Украина расмийлари айрим бўлимларни яқин вақтда ёпиш ва кейинги босқичга ўтиш имкони борлигини айтмоқда. Бу эса мамлакатнинг Европа Иттифоқига интеграциясида янги босқич бошланиши мумкинлигини кўрсатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА