Зеленский: Украина ўт очишни тўхтатишга тайёр, агар...
Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг Россия билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича музокараларга очиқ эканини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, агар РФ томони ҳам шундай ирода кўрсатса, Украина исталган вақтда ўт очишни тўлиқ тўхтатишга тайёр.
Зеленскийнинг баёнотида асосий эътибор учта муҳим масалага қаратилди. Биринчидан, агар Россия Украинанинг энергетика тизимига ҳужумларни тўхтатса, Украина ҳам жавоб зарбаларидан воз кечади.
Иккинчидан, у Россия ҳудудига берилаётган зарбалар фақат мудофаа ва муносиб жавоб ҳисобланишини таъкидлади, бу тажовуз эмас, балки ўлка хавфсизлигини таъминлаш чораси сифатида қаралади.
Учинчидан, Украина томони тўлиқ ўт очишни тўхтатиш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва глобал озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлаш бўйича келишувга тайёр эканлигини маълум қилди.
– Биз мулоқот учун очиқмиз ва барча таклифларимизни илгари сурдик. Агар Россия томони тайёр бўлса, бу масалани исталган муддатда ва тезкорлик билан ҳал қилишга собитмиз, -деди Зеленский.
Ф.Яхшибоева, ЎзА