Ўзбекистон: истиқлол йиллари
Давлатимиз мустақилликни қўлга киритиши мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча халқлар учун муҳим тарихий воқеа бўлди. Истиқлол озодлик, миллий тикланиш ва тараққиётда янги тарихий даврни бошлаб берди.
Давлатимиз мустақилликни қўлга киритиши мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча халқлар учун муҳим тарихий воқеа бўлди. Истиқлол озодлик, миллий тикланиш ва тараққиётда янги тарихий даврни бошлаб берди.
Қисқа давр ичида Ўзбекистон халқи мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига асос бўлувчи улкан ютуқларни қўлга киритди, миллий давлатчилик, маънавий қадриятлар, дин, урф-одатлар ва анъаналар қайта тикланди.
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни арафасида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан аҳоли ўртасида “Ўзбекистон: истиқлол йиллари” мавзусида сўров ўтказилди.
Иштирокчиларнинг фикрича, мамлакатимизнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти мутлақо янги босқичга кўтарилди. Унга ўтиш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, аксарият фуқаролар (92,7 фоиз) учун Мустақиллик куни – ўзида чинакам ватанпарварлик, Ватандан фахрланишни мужассам этган байрам, юртимиз халқлари бирлиги рамзидир. Тадқиқот иштирокчилари истиқлол йилларида барча ўзбекистонликларни бирлаштирган асосий қадриятлар – миллий бирдамлик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик, дунёвий жамият ва юксак маънавият, энг янги технологиялар ва инновациялар асосидаги иқтисодий ўсиш, бой тарихий ва маданий меросимизни асраб-авайлаш ва бойитишга, миллий хавфсизликка эришилгани, мамлакатимизнинг жаҳондаги ва минтақадаги муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этаётганини қайд этди. Турли миллат ва дин вакиллари, эркаклар ва хотин-қизлар, ёшлар, ўрта ва кекса авлод вакиллари, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллигини ўзгача фахр ва ифтихор билан қарши олмоқда.
Фуқароларнинг 98,5 фоизи Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнасидаги нуфузи ошгани ва халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши, дўстона муносабатлар, узоқ ва яқин хориж мамлакатлари, аввало, Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро ҳамкорликнинг ривожланганини сўнгги йилларда эришилган муҳим ютуқлардан, деб ҳисобламоқда.
91,2 фоиз иштирокчи Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётгани, ижтимоий-сиёсий, миллатлараро, динлараро ва ҳарбий низолар йўқлигини юқори баҳолади. Мамлакатимиздаги турли миллатлар ўртасидаги тинчлик ва тотувлик ахлоқий меъёр, умумий маданиятнинг ажралмас қисмига айланди, деган фикрни билдирган.
Тадқиқот натижаларига кўра, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона, тинчликсевар, конструктив ташқи сиёсат қўллаб-қувватланади. Аксарият иштирокчилар (95,7 фоиз) Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлашини қайд этди. Сўров қатнашчиларининг фикрича, мустақил ва суверен Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига фаол кириб борди ва бугунги кунда бошқа давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўймоқда.
Сўров жараёнида фуқароларнинг 90,2 фоизи мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида демократияни қарор топтириш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, амалдаги қонунчиликни замонавий халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга доир чора-тадбирларни самарали, деб ҳисоблашлари аниқланди.
Сўровда иштирок этганларнинг қайд этишича, республикамизда туб ўзгаришлар юз бермоқда, бироқ, аввало, ушбу ўзгаришлар давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларга бўлган ёндашувни қайта кўриб чиқиш, халқ билан мулоқот қилишга тааллуқли. 92,7 фоиз иштирокчилар ҳар бир фуқаро ўз саволлари ва таклифлари билан мурожаат этиши мумкин бўлган Президент виртуал қабулхонаси фаолиятининг йўлга қўйилишини ҳақиқий бурилиш сифатида баҳоламоқда.
Сўров иштирокчиларининг 90,8 фоизи шаҳар ва қишлоқларнинг обод бўлиши, йирик автомагистраллар, йўлларнинг қурилиши ва таъмирланиши, кўкаламзорлаштириш ишлари, ёритиш тизимлари ўрнатилиши, болалар боғчалари, мактаблар, тиббиёт, спорт, маданият муассасаларининг реконструкция қилиниши ва таъмирланишини муҳим ютуқлар сифатида эътироф этмоқда.
Ўзбекистонликларнинг фикрича, валюта бозорининг либераллаштирилиши ҳамда жисмоний ва юридик шахслар учун валютанинг эркин конвертация қилиниши иcтисодиёт соҳасидаги устувор ютуқлардан бири саналади. Сўров қатнашчилари (90,8 фоиз) барча тўловларнинг миллий валютада амалга оширилиши муҳим қадамлардан бўлгани ва бугунги кунда нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилганини қайд этмоқда.
Сўров иштирокчиларининг 84,2 фоизи таълим тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда, деб ҳисоблайди. Унинг асосини Ўзбекистон халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ташкил этади. Ушбу ислоҳотларнинг натижалари бугуннинг ўзида сезилмоқда, болалар боғчалари ва мактабларнинг моддий-техник базаси яхшиланмоқда, мамлакатимиз олий таълим муассасаларига кириш тизими максимал даражада шаффоф бўлди, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари оширилмоқда, умуман олганда, ижобий тенденциялар кўзга ташланмоқда.
Сўровда қатнашган 86,6 фоиз фуқароларнинг фикрича, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Сўровнинг ҳар иккинчи фуқароси бугун стратегияда мамлакатимизни янги, инновацион ва индустриал ривожланиш даражасига олиб чиқиш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш бўйича белгиланган режаларни амалга ошириш борасида сезиларли ютуқларга эришилганини қайд этди.
Тадқиқот аҳолининг Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган барча устувор йўналишлар бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлардан юксак даражада қониқиши кузатилганини аниқлади. 78,2 фоиз фуқароларнинг фикрича, Стратегиянинг амалга оширилиши давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги барча бўғинлар ўртасидаги функциялар, ваколатлар ва жавобгарликни мақбул тақсимланиши орқали аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишга хизмат қилади.
Сўров иштирокчиларининг 78,1 фоизи иқтисодиётни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолади ва сўнгги йилларда мамлакатимизда бизнес юритишнинг институционал асослари такомиллаштирилганини қайд этди. Валюта сиёсатининг либераллаштирилиши тадбиркорлик, ташқи савдони ривожлантиришни рағбатлантиради, ҳудудларни ривожлантиришда инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.
Респондентларнинг 68,9 фоизининг фикрича, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларининг мустаҳкамланиши бўйича ижобий натижаларга эришилган.
Сўров жараёнида иштирокчиларнинг 49,8 фоизи Стратегияда ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, жумладан, уй-жой қурилишини жадаллаштириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш, қишлоқ ва шаҳарларни ободонлаштириш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, болалар боғчалари, мактаблар, тиббиёт, спорт, маданият муассасаларининг реконструкция қилиниши ва таъмирланиши каби ишларнинг амалга оширилаётганини ижобий баҳоламоқда.
Респондентларнинг 76,5 фоизи сўров ўтказиш пайтида оилаларининг ижтимоий ва моддий аҳволи яхшиланганини эътироф этди. Иштирокчиларнинг 15,6 фоизи оилаларининг моддий аҳволи аввалгидек эканини қайд этди.
Сўров иштирокчиларининг моддий аҳволини ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, аксарият фуқаролар (98,8 фоиз) ўзларининг шахсий турар жойларига эгадир. Шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, эркаклар ва аёллар деярли бир хилда шахсий автомобиллари борлигини маълум қилди. Мониторинг давомида яшаш-маиший шароитлари яхшиланган фуқаролар сони ошгани аниқланди (2017 йилдаги 51,5 фоиздан 2019 йилда 56,2 фоизгача ошган).
Сўров қатнашчиларининг деярли учдан бири оилаларининг ижтимоий мавқеи ўсганини таъкидламоқда. Ушбу кўрсаткич сўнгги йилларда барқарор сақланиб турибди ва ижобий тенденцияга эга.
Олинган натижалар таҳлили шуни кўрсатдики, сўнгги йилларда ўз бизнесини йўлга қўйиш, тадбиркор, фермер, ер эгаси бўлишга эришган фуқаролар сони кескин ортган (2017 йилдаги 22,6 фоиздан 2019 йилда 36,1 фоизгача).
Тадқиқот касбий таълимда ютуқларга эришган фуқаролар сони ошаётганини кўрсатди. Мазкур кўрсаткич ижобий тенденцияга эга бўлиб, тадқиқот даври (2017-2019 йиллар)да 3,7 фоизга ошган.
98,8 фоиз ўзбекистонликлар мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётган суверен мустақил давлат ҳисобланиши, жаҳонда муносиб ўринни эгаллаётганидан фахрланади. Ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги ҳаётимизнинг кўпгина соҳалари ва йўналишларида эришилаётган ютуқлар ва муваффақиятлардан ғурурланади, 99,3 фоизи ўзларининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эканликларидан фахрланишини қайд этди.
Сўров натижалари мониторинги яшашга бўлган иштиёқи ошиб бораётган фуқаролар сони барқарор суръатда ошиб бораётганини кўрсатди (2018 йилда бу кўрсаткич 54,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 62,7 фоизга етган). Уларда, бир томондан, саломатлик, оиладаги тинчлик-хотиржамлик (50,5 фоиз), бошқа томондан, Ўзбекистоннинг эришаётган ютуқлари ва, ўз навбатида, мамлакатимизнинг фаровон келажагига бўлган ишонч (49,5 фоиз) хуш ва кўтаринки кайфият уйғотади.
95,8 фоиз иштирокчилар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқ орасида обрўси юксак экани ва у аҳоли томонидан қўллаб-қувватланишига қатъий ишонади. Ўзбекистонликлар Президентимиз томонидан қабул қилинаётган ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи сиёсатни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонунларга амал қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган қарорлар Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда, деб ҳисоблайди. Мамлакатимизни янада ривожлантириш, юқори технологияли иқтисодиётни шакллантириш, саноат тармоқлари, кичик ва ўрта бизнесни жадал ривожлантириш фуқаролар салоҳиятини рўёбга чиқаришда янги имкониятларни тақдим этади.
“Ижтимоий фикр” Республика
жамоатчилик фикрини
ўрганиш маркази материаллари асосида
О.ХАРЧЕНКО тайёрлади.