Ўзбекистон “Ипак йўли”нинг юраги
“Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро туризм кўргазмаси очилди.
“Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро туризм кўргазмаси очилди.
1995 йилдан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотининг расмий кўмагида ўтказиб келинаётган бу кўргазма Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг сайёҳлик саноатидаги энг ёрқин, энг йирик тадбири сифатида тан олинган. Унда 17 мамлакатдан 50 хорижий ОАВ вакиллари иштирок этаётгани ҳам унинг нуфузи хорижда маълум ва машҳурлигининг ёрқин далилидир.

Зеро, Халқаро TripAdvisor ташкилотининг кузатувига кўра, 80 фоиздан зиёд сайёҳлар Буюк Ипак йўли ҳақида маълумотга эга. Forbes журнали эса уни энг таниқли бренд сифатида тан олган. Ўзбекистон БМТ, ЮНЕСКО ва Бутунжаҳон туризмни ривожлантириш ташкилотининг қадимий Буюк Ипак йўли туризмини қайта тиклаш бўйича миллатлараро лойиҳасининг фаол қатнашчиси ҳисобланади.
Тадбирнинг асосий ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда “Миллий ПР маркази”нинг маълумотларига кўра 2019 йилнинг 10 ойида юртимизга 5,5 миллион нафардан зиёд сайёҳ келган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоиз кўп демакдир.
– Бу йил 25 маротаба ўтказилаётган “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро туристик кўргазмаси уч кун давом этади, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов. –Миллий павильонда Ўзбекистоннинг 14 ҳудуди стендлари ва “Ҳунармандлар шаҳарчаси” экспозицияси намойиш этилмоқда. Халқаро павильонда 14 давлат, жумладан БАА, Грузия, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Миср, Корея, Таиланд, Малайзия, Украина, Қозоғистон каби давлатлар экспозицияларини кўриш мумкин.
Тажриба алмашиш учун халқаро майдонча яратиш, Буюк Ипак йўлининг маданий, тарихий ва табиий меросини тарғиб қилиш ва ривожлантиришда мустаҳкам алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик режаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган кўргазма маълум маънода ўз вазифасини бажармоқда.
Қайд этиш керакки, жорий йилда бу кўргазмага илк бора Грузиянинг меҳмонхоналари, сайёҳлик компаниялари иштирок этмоқда ва улар бундан мамнунликларни изҳор этишди.
– Ўзбекистонга биринчи келишимиз бўлса-да у ҳақида кўпгина маълумотларга эгамиз, – дейди Грузия вакили, тур оператор Анна Орлова. – Тошкент шаҳри жуда катта экан, биз кеча Ташкент ситида бўлдик, у ердаги фавворанинг ёнида расмларга тушиб, юртдошларимизга намойиш этдик. Чорсуда бўлиб, кўплаб таомлардан истеъмол қилдик. Ўзбеклар жуда хушмуомала, ҳазилкаш ва қувноқ инсонлар экан. Бозорда талашиб-тортишиб яқинларимизга улашиш учун совғалар харид қилдик. Ўзбекистонда тиббиёт, экология, зиёрат туризми жуда яхши ривожланган. Келгусида кўплаб юртдошларимизни олиб келамиз.

Тошкент халқаро туризм кўргазмасининг миллий павилонида ҳар бир вилоятнинг ўзига хос миллий маданияти ва сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилмоқда. “Ҳунармандлар шаҳри” экспозициясига ҳам кенг ўрин ажратилган.
– Бу йил бизга ўтган йилгидан кўра уч баробар кўп сайёҳ келди, – дейди Сурхондарё вилояти туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Иброгимов. – Биздаги кўплаб тарихий обидалар мавжуд бўлиб, улар энди таъмирланиб, сайёҳлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Ат-Термизийлар, Султон ота, Қирқ қиз кабилар шулар жумласидан бўлиб, бизда буддизм билан боғлиқ ўндан зиёд обидалар ҳам мавжуд. Фаёзтепа, Кампиртепа, Далварзинтепани кўриш учун Япония, Хитой ва Малайзиядан ҳар йили жуда кўп одамлар келади. Афғонистондан ҳам кўп келишади. Улар меҳмонхоналаримизни бир неча кунга банд қилиб, шаҳар айланишади. Улар юртимизга тинчлик истаб келишади.
Бу йилги тадбирни ўтган йиллардагидан фарқли бир қанча жиҳатлари мавжуд. Жумладан, Ўзбекистоннинг туристик бренди элчилари форуми ҳамда Ўзбекистон-Россия туризм форуми унда биринчи марта ўтказилмоқда. Бундан ташқари, ТХТК-2019 доирасида яна бир қанча тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган. Workshop: Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Туризмда маркетинг” қўшма лойиҳаси, Шаҳрисабз Миллий либослар фестивали тақдимоти, “Вино туризмини ривожлантириш истиқболлари”, “Барқарор туризм учун маҳсулотни қандай яратиш мумкин?”, “Гастрономик туризмнинг маркетинг масалалари”, “ННТларни туризм соҳасида институционал қўллаб-қувватлаш”, “Европа бизнес-ҳодисалар саноатидаги тенденциялар” тақдимотлари шулар сирасидандир.

Шу билан бирга, “Ўзбекистонга саёҳат”, “Фарғона водийси” янги китоб-фотоальбоми, Ўзбекистон ҳудудлари бўйича қўлланмалар тақдимоти ҳам ўтказилади.ТХТК-2019 доирасида “Ўзбекистонда туризм” мавзусидаги ижтимоий роликлар, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ҳамда “Selfie&Tourism” фототанловлари ғолиблари тақдирланади.