Замонавий тиббиёт маскани фойдаланишга топширилди
Навоий вилояти Кармана туманида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга қаратилган муҳим лойиҳалардан бири Азамат маҳалласида жойлашган оилавий шифокорлик пункти тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий кўринишда фаолият бошлади.
Янги бинoнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар янги тиббиёт маскани ҳудудда соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини янада яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади. Шундан сўнг рамзий лента кесилиб, маскан фойдаланишга топширилди.

Мазкур оилавий шифокорлик пункти эндиликда 689 та хонадон аҳолисига хизмат кўрсатади. У 26 турдаги энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.

Шунингдек, тиббиёт пунктида хизмат кўрсатиш FAСE ID тизими орқали йўлга қўйилган. Унга кўра, аввало Азамат маҳалласи фуқаролари рўйхатдан ўтиб, тиббий кўрикдан ўтади. Бошқа маҳаллалардан келган фуқароларга эса алоҳида тартиб асосида хизмат кўрсатилади. Бу эса хизмат сифатини ошириш ва тартибни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
А. Бўриев, ЎзА