Замонавий таълим ва инновациялар учун янги имкониятлар
Бугун олий таълим муассасалари фаолияти фақатгина талабаларга билим бериш билан чекланмайди. Замонавий университет илм-фан, инновация, рақамли технологиялар ва амалий изланишлар уйғунлашган, ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган масканга айланиши зарур. Шу нуқтаи назардан, Бухоро давлат университетида таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Санжар Мирзалиевнинг университетга ташрифи давомида мазкур йўналишлардаги ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги режалар билан яқиндан танишилди.
Дастлаб “Ягона дарча” тамойили асосида фаолият юритаётган Регистратор офиси кўздан кечирилди. Бу ерда рақамлаштирилган тизим орқали талабаларга 60 турдаги хизмат кўрсатилиши таълим муассасасида маъмурий жараёнларни соддалаштириш, вақтни тежаш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган. Шунингдек, дарс жараёнларини реал вақт режимида кузатиш ва мониторинг қилиш имконини берувчи марказлашган Ситуацион марказ фаолияти билан танишилди.
Университетнинг 2700 ўринли янги ўқув биносида эса замонавий аудиториялар, таълим жараёни учун яратилган шароитлар ва илғор технологиялардан фойдаланиш имкониятлари кўздан кечирилди. Бундай инфратузилма таълим олувчилар учун қулай муҳит яратиш билан бирга, ўқитишнинг янги усулларини жорий этиш ва билим бериш самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Ташрифнинг муҳим йўналишларидан бири робототехника ва сунъий интеллект соҳасидаги имкониятлар билан танишиш бўлди. “Robots and Me” робототехника маркази ҳамда Робототехника ва сунъий интеллект академияси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ерда ёшларни дастурлаш, муҳандислик, робототехника ва сунъий интеллект йўналишларига жалб этиш, уларда назарий билимларни амалиёт билан боғлаш кўникмаларини шакллантириш учун имкониятлар яратилмоқда.
Зеро, бугунги меҳнат бозори ва технологик тараққиёт олий маълумотли мутахассисдан нафақат билим, балки мустақил фикрлаш, муаммоларга инновацион ечим топиш ва замонавий технологиялар билан ишлаш қобилиятини ҳам талаб этмоқда. Шу маънода, университетда мазкур йўналишларга эътибор қаратилаётгани келажак мутахассисларини тайёрлаш жараёнининг муҳим таркибий қисмидир.

Вазир ўринбосари университет Ахборот-ресурс марказида ҳам бўлиб, ўқув ва илмий адабиётлар фонди, талабаларнинг дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминланганлик ҳолати, мустақил таълим олиш учун яратилган шароитларни ўрганди. Шунингдек, футбол майдонида талабаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, жисмоний фаоллигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган имкониятлар билан танишилди.
Қайд этиш жоизки, университетда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари сезиларли молиявий ва ташкилий ресурсларни талаб этмоқда. Хусусан, олий таълим муассасасининг ўз маблағлари ҳисобидан 86,5 миллиард сўм йўналтирилиб, янги ўқув биноси, Қуёш физикаси илмий-тадқиқот лабораторияси, Ахборот-ресурс маркази ҳамда 400 ўринли талабалар турар жойи барпо этилган.
Бу лойиҳаларнинг аҳамияти шундаки, улар университетнинг фақат моддий-техник базасини кенгайтириш билан чекланмайди. Илмий тадқиқот олиб бориш, замонавий билимларни эгаллаш, талабаларнинг яшаш ва таълим олиш шароитларини яхшилаш учун ўзаро боғлиқ муҳитни шакллантиради.
Ташриф давомида Президентимиз ташаббуси билан 30,2 гектар майдонда барпо этилаётган Бухоро давлат университетининг янги замонавий кампуси истиқболларига ҳам эътибор қаратилди. Мазкур йирик лойиҳа доирасида 20 минг ўринли ўқув бинолари ва 5400 ўринли талабалар турар жойларини қуриш режалаштирилган.

Янги кампуснинг барпо этилиши университет тараққиётида муҳим босқич бўлиши кутилмоқда. Чунки бугун олий таълим муассасасининг рақобатбардошлиги унинг бинолари ёки аудиториялари сони билангина эмас, балки таълим, илм-фан, инновация ва талабалар ҳаётини ягона тизимда ташкил эта олиши билан ҳам белгиланади. Кампус лойиҳаси эса ана шу вазифаларни комплекс ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ташриф якунида таълим сифатини таъминлаш, ўқув жараёнларини рақамлаштириш, талабаларни зарур адабиётлар билан таъминлаш, робототехника ва сунъий интеллект каби истиқболли соҳаларни ривожлантириш, шунингдек, ўқув ва спорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Энг муҳими, университетда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва янгиланишлар замирида ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг интеллектуал ва касбий салоҳиятини юзага чиқариш, илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишдек устувор мақсадлар мужассам. Президентимиз ташаббуси билан олий таълим тизимида замонавий билим ва инновацияларга кенг йўл очишга қаратилган ислоҳотлар Бухоро давлат университети мисолида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири