Замонавий санитария бўлими биноси фойдаланишга топширилди
Сирдарё вилоятида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш йўлида навбатдаги муҳим қадам ташланди. Гулистон шаҳрида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг янги, замонавий биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Тадбирда соҳа мутахассислари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, мазкур иншоотнинг ишга туширилиши санитария хизмати фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Маълумотларга кўра, объект қурилиши ва жиҳозланиши учун жами 748 миллион 123 минг 568 сўм миқдорида бюджет маблағлари йўналтирилган. Қурилиш ишлари Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи “Рустам” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан белгиланган талаблар асосида сифатли ва ўз муддатида бажарилди.

Янги бинода соҳа ходимлари учун замонавий ва қулай меҳнат шароити яратилган. Хоналар лаборатория жиҳозлари, таҳлил ускуналари ва санитария-эпидемиологик назоратни самарали амалга ошириш имконини берувчи замонавий тиббий асбоблар билан тўлиқ таъминланган. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Тадбирда сўз олганлар янги бинода профилактик тадбирларни тизимли йўлга қўйиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш ишларини янада кучайтириш учун кенг имкониятлар яратилаётганини алоҳида қайд этдилар.

– Янги бинода фуқароларга санитария-эпидемиологик хизматлар кўрсатиш жараёнлари янада тезкор ва қулай тарзда ташкил этилади. Бу эса профилактик текширувлар, мониторинг ишлари ҳамда аҳоли ўртасидаги тушунтирув тадбирларининг самарадорлигини оширади, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Султонов.
Тадбир якунида иштирокчилар янги бино фаолияти аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда жамоат саломатлиги соҳасидаги ислоҳотларнинг амалдаги самараси сифатида хизмат қилишига ишонч билдиришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири