Замонавий касб – ёшлар келажагига мустаҳкам пойдевор
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчилар ана шундай улкан имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Улар ҳарбий хизмат билан бир қаторда замонавий касб ва ҳунарларни пухта ўзлаштириб, келажакдаги мустақил ҳаётга дадил қадам қўймоқдалар.
Шу мақсадда Нукус гарнизонида ташкил этилган ўқув марказларида ихтисослашган техникум ўқитувчилари томонидан мунтазам назарий ва амалий машғулотлар олиб борилмоқда. Машғулотлар давомида ёшлар ахборот технологиялари, хорижий тиллар, машинасозлик ва бошқа истиқболли йўналишлар бўйича чуқур назарий билим ҳамда мустаҳкам амалий кўникмаларни эгалламоқда. Малакали педагоглар томонидан илғор таълим методлари асосида ташкил этилаётган дарслар ҳарбий хизматчиларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, замонавий компетенцияларни шакллантириш, мустақил фикрлаш ва ташаббускорлик фазилатларини ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
[gallery-30380]
Амалий машғулотларнинг техникумнинг замонавий моддий-техник базасида ташкил этилгани таълим самарадорлигини янада оширмоқда. Замонавий лабораториялар, махсус устахоналар ва инновацион ўқув жиҳозлари ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, касб сирларини ҳақиқий ишлаб чиқариш муҳитига яқин шароитда пухта эгаллаш имконини бермоқда. Бундай ёндашув эса уларнинг меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис бўлиб шаклланишига мустаҳкам замин яратади.
Бугун ҳарбий хизматни ўтаётган йигитлар нафақат жанговар тайёргарликни мукаммал эгаллаб қолмай, балки эртанги ҳаётда ўз ўрнини топишга хизмат қиладиган замонавий билим ва касбларни ҳам ўзлаштирмоқда. Бу эса ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳиятини янада бойитиб, уни ёшлар учун улкан имкониятлар майдонига айлантирмоқда.
Муддатли ҳарбий хизмат давомида касб ва ҳунар эгаллаш тизими хизматни якунлаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига кириши, ишлаб чиқариш корхоналари ва турли соҳаларда самарали меҳнат қилиши учун мустаҳкам замин яратади. Энг муҳими, бу тизим ёшларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларни замонавий билим ва юксак маънавият эгаси сифатида вояга етказишга хизмат қилмоқда.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округда амалга оширилаётган бундай эзгу ташаббуслар инсон капиталини ривожлантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда уларни замон талабларига мос мутахассис этиб тайёрлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Ушбу тизим орқали ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ҳар бир йигит нафақат Ватан ҳимоячиси, балки жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган билимли, малакали ва рақобатбардош мутахассис сифатида ҳаётга йўлланма олмоқда.
Бугунги билим эртанги тараққиёт гарови, бугунги касб келажак фаровонлиги калити, бугунги ҳарбий хизмат эса юрт равнақи йўлида фидойилик, маҳорат ва бунёдкорлик мактабидир. Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида хизмат қилаётган ёшлар сафининг тобора кенгайиб бораётгани эса Янги Ўзбекистоннинг кучли армияси ва порлоқ келажаги сари ташланган ишончли қадамларнинг ёрқин ифодасидир.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари