Замонавий геология: технологиялар, ресурслар ва ҳамкорлик (+видео)
Тошкентда геология ва геофизика соҳасида замонавий технологиялар, сунъий интеллект ва рақамлаштириш масалаларига бағишланган “GEOMIN-2026” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари ўтказилган анжуман Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги кўмагида ҳамда Халқаро геофизиклар жамияти (SEG) томонидан ташкил этилди. Унда 26 мамлакатдан 70 дан ортиқ ташкилот вакиллари иштирок этди.
“Сунъий интеллект ва рақамли трансформация орқали геология-қидирув ишларини ривожлантириш” мавзусидаги конференцияда фойдали қазилмаларни излаш ва қидиришда замонавий ёндашувлар, илғор технологияларни амалиётга жорий этиш ҳамда халқаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуман доирасида геология-қидирув ишларида сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотлардан фойдаланиш, замонавий геофизик тадқиқотлар, геологик моделлаштириш, критик ва стратегик минералларни ўзлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, истиқболли минерал ресурсларни ўзлаштириш, соҳага инвестицияларни жалб этиш, геология тармоғини рақамлаштириш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва ESG тамойилларини жорий этиш бўйича халқаро тажриба алмашилди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бўлим бошлиғи Нафиса Дўлабованинг таъкидлашича, конференция геология-қидирув ишларига сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ва Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга.
– Анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатнинг стратегик ресурслар ва табиий захиралар борасидаги салоҳиятини халқаро ҳамжамиятга кенг намоён этиш учун муҳим имконият яратди. Конференциянинг амалий аҳамиятини ошираётган жиҳатлардан бири - халқаро ҳамкорлик доирасида янги лойиҳалар ва келишувларни йўлга қўйиш имкониятидир.
Тадбир доирасида бир қатор стратегик хорижий компаниялар билан истиқболли ҳамкорлик келишувларини имзоланди. Бу эса геология-қидирув ишларини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш ва соҳада халқаро алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Унда Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка давлатларининг йирик тоғ-кон саноати компаниялари вакиллари ҳам анжуманда қатнашиб, ўз технология ва ечимларини намойиш этди. Иштирокчилар учун махсус кўргазмалар ҳам ташкил этилди. Шу билан бирга, конференция доирасида АҚШнинг “Colorado Mining School” ташкилоти билан ҳамкорлик келишуви имзоланди. Бундан ташқари, “Oxus Metals” ва Германиянинг “Excalibur” компаниялари билан ҳам алоқалар йўлга қўйилди.
Тадбирдаги бундай халқаро иштирок ва ҳамкорликлар Ўзбекистоннинг геология ва тоғ-кон саноатида замонавий технологияларни жорий этиш, хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда соҳанинг инвестициявий салоҳиятини янада ошириш учун муҳим аҳамият касб этади, – деди Н.Дўлабова.
Мутахассислар иштирокидаги муҳокамаларда замонавий технологияларни геология соҳасига кенг жорий этиш нафақат қидирув ишларининг самарадорлигини ошириши, балки мавжуд ресурслар ҳақидаги маълумотларни чуқур таҳлил қилиш ва истиқболли конларни аниқлаш имкониятларини ҳам кенгайтириши таъкидланди.
Шу жиҳатдан, конференцияда кўтарилган масалалар Ўзбекистонда геология ва тоғ-кон саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг. Сўнгги йилларда соҳада ер қаъридан фойдаланиш тизими такомиллаштирилиб, инвестицияларни жалб этишнинг замонавий механизмлари жорий этилмоқда. Геологик маълумотлар билан ишлаш ва ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистондаги ушбу ўзгаришлар халқаро экспертлар ва соҳа мутахассисларининг ҳам эътиборида. Халқаро геофизиклар жамияти (SEG) президенти Рокки Детомонинг сўзларига кўра, “GEOMIN-2026” конференциясининг иккинчи бор ўтказилаётгани критик ва стратегик минераллардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим имконият яратмоқда.
– Критик ва стратегик минералларга эга бўлиш ҳамда улардан фойдаланиш имконияти бугун дунё мамлакатлари учун тобора муҳим стратегик омилга айланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, конференциянинг Ўзбекистонда ўтказилгани айни муддао. Мамлакат саноат, критик минераллар, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва инвестицияларни рағбатлантириш масалаларига ёндашуви билан илғор фикрлаётган давлатлардан бири. Бу ерда тажриба алмашиш ва янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш учун яхши имкониятлар мавжуд.
Технология етказиб берувчилар, академик доиралар, саноат вакиллари, давлат ташкилотлари ҳамда геологик тадқиқотлар соҳаси мутахассисларининг бир майдонда жамланиши жуда муҳим. Турли мамлакатлар вакиллари ўзаро тажриба алмашиб, бир-биридан ўрганиши соҳада янги ечимларни ишлаб чиқиш ва жараёнларни янада самарали ташкил этишга ёрдам беради. SEG сифатида биз бутун дунё бўйлаб 14 мингга яқин геолог ва геофизик мутахассисларни бирлаштирамиз. Шу боис бундай халқаро учрашувларни ташкил этиш биз учун ҳам амалий аҳамиятга эга.
Ўзбекистон бой минерал ресурслар базасига эга ва бу йўналишда катта имкониятлар мавжуд. Ҳукумат ушбу салоҳиятни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш борасида муҳим ишларни амалга оширмоқда. Айни пайтда дунёнинг турли ҳудудларида янги технологиялар, инновацион ғоялар ва ишлашнинг замонавий усуллари пайдо бўлмоқда. Шунинг учун барча ечимларни нолдан бошлаш шарт эмас. Бошқа мамлакатлар ва компаниялар амалиётда синаб кўрган технология ва ёндашувларни ўрганиш асосида соҳани янада самарали ривожлантириш мумкин.
Назаримда, мазкур конференциянинг афзаллиги ҳам шунда. Ўзбекистон тоғ-кон саноатида янги босқичга қадам қўйиш, замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни ўзлаштириш учун зарур имкониятларга эга. Бундай халқаро мулоқот майдонлари мамлакатга мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади, – деди Рокки Детомо.
Таъкидлаш жоизки, халқаро анжуман соҳадаги илмий ва амалий ёндашувларни бир майдонда жамлаб, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, замонавий технологиялар ва янги ечимларни муҳокама қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш учун самарали мулоқот майдонига айланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XbaqkiLzxEg" title="Zamonaviy geologiya: texnologiyalar, resurslarva hamkorlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Насиба Зиёдуллаева,
Ёқубжон Мелибоев,
Анвархўжа Аҳмедов( видео+монтаж),
ЎзА