Замонавий автобуслар ва “ақлли” ҳаракат тизими
Бугун Янги Ўзбекистонда шаҳарсозлик ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Жамоат транспортини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, аҳолига хавфсиз, тезкор ва қулай хизмат кўрсатиш, тирбандликларни камайтириш ҳамда экологик барқарор транспорт тизимини шакллантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Қадимий Бухоро шаҳрида амалга оширилаётган кенг қамровли транспорт ислоҳотлари ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлиб, шаҳарнинг замонавий қиёфасини шакллантиришда янги босқични бошлаб бермоқда.

Жорий йилда Бухоро шаҳри учун “Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш” Бош режаси ишлаб чиқилди. Ушбу стратегик ҳужжат асосида шаҳарда жамоат транспорти тизимини тубдан такомиллаштириш, тирбандликларни камайтириш ва аҳолига сифатли транспорт хизматини кўрсатишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида шаҳарда 21 та янги автобус йўналиши ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли гавжум ҳудудларда транспорт алмашинув боғламалари барпо этилиб, йўловчиларнинг бир манзилдан иккинчи манзилга тез ва қулай етиб бориши учун янги имкониятлар яратилмоқда.

Йўл ҳаракатини интеллектуал бошқариш мақсадида шаҳардаги 113 та чорраҳага “Ақлли светофор” тизими ўрнатилмоқда. Мазкур тизим транспорт оқимини автоматик тартибга солиш, тирбандликларни камайтириш ва жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш имконини яратади.
Шунингдек, Муҳаммад Иқбол, Ибн Сино, Ислом Каримов, Мирдўстим, Ғиждувон, Баҳоуддин Нақшбанд ва Мустақиллик каби шаҳарнинг еттита марказий кўчасида автобуслар учун алоҳида ҳаракат йўлаклари ташкил этилмоқда. Бу эса автобусларнинг белгиланган вақтда ҳаракатланишини таъминлаб, йўловчилар учун вақт тежалишига хизмат қилади.

Жамоат транспорти паркларини янгилаш ишлари ҳам жадал суръатларда давом этмоқда. Вилоят аҳолиси ва меҳмонларига янада сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган яна 76 та замонавий автобус Бухорога олиб келинди.
Янги транспорт воситаларини фойдаланишга топшириш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, мазкур янгилик шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун муносиб совға эканини таъкидлади.
Вилоят раҳбарининг қайд этишича, 2026 йил давомида Бухоро вилояти учун жами 101 та замонавий автобус харид қилинган. Уларнинг дастлабки 25 таси шу йил февраль ойида “Bux Pit-Stop NGP” МЧЖ томонидан 13-сонли “Маданият” бош бекати — “Тўқимачи” бош бекати ҳамда 15-сонли “Марказий бозор — Ғурбинча аҳоли пункти” брутто йўналишларига чиқарилган эди. Энди эса янги келтирилган автобуслар ҳам айнан брутто шартномаси асосида шаҳар йўналишларида хизмат кўрсатади.
Мазкур автобуслар “Progress Mega Trans”, “Miramax Turist Trans”, “Buxaraneveshservis” ҳамда “Miramax Travel” каби маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб келингани эътиборлидир. Бу эса хусусий секторнинг транспорт соҳасини ривожлантиришдаги иштироки тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида йил якунига қадар яна 86 та янги автобус вилоятга олиб келиниб, жамоат транспорти тармоғи янада кенгайтирилиши режалаштирилган.
Эътиборли жиҳатлардан бири — жамоат транспортида “Брутто-шартнома” тизимининг жорий этилганидир. Илгари ҳайдовчилар кунлик тушум режасини бажаришга интилиб, кечки вақтларда йўловчилар камайиши билан айрим автобуслар ҳаракатини тўхтатиб қўярди. Янги тизимда эса ҳайдовчи ёки ташувчи йўловчилар сонига эмас, балки белгиланган графикка қатъий амал қилиши, белгиланган масофани босиб ўтиши ва хизмат сифати учун ҳақ олади. Бу эса жамоат транспортининг эрталабдан кечгача барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлайди.
Натижада шаҳар аҳолиси ҳам, Бухорога ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ҳам куннинг исталган вақтида ишончли, хавфсиз ва қулай транспорт хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Бухорода амалга оширилаётган транспорт ислоҳотлари оддий автобуслар сонини кўпайтириш билан чекланмайди. Бу — бутун шаҳар ҳаётини замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш, “ақлли шаҳар” тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва инсон манфаатини устувор қўйган транспорт тизимини барпо этиш йўлидаги муҳим қадамдир. Замонавий автобуслар, интеллектуал бошқарув тизимлари ва янги ёндашувлар туфайли Бухоро яқин келажакда нафақат тарихий мероси, балки илғор ва қулай жамоат транспорти билан ҳам мамлакатнинг энг намунали шаҳарларидан бирига айланиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири