Юй Цзюнь: Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг янги саҳифасини биргаликда очамиз
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Истиқлолимизнинг 35 йиллиги байрами муносабати билан Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь ўз табригини изҳор этди.
– Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Хитой элчихонаси номидан дўст ўзбек халқига ўзимнинг энг самимий табрикларимни йўллашдан мамнунман!
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон миллий тараққиёт ва тикланиш йўлида ҳайратланарли муваффақиятларга эришди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона раҳбарлиги остида юртингиз кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда, хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини изчил ҳаётга татбиқ этмоқда. Мамлакат қиёфаси кун сайин ижобий томонга ўзгариб, халқаро майдондаги обрў-эътибори ва таъсири сезиларли даражада мустаҳкамланди. Хитой томони Ўзбекистон халқи белгиланган ривожланиш мақсадларига эришишига ҳамда янада фаровон ва ёруғ келажак сари дадил қадам ташлашига ишонади.
ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг стратегик раҳбарлиги остида Хитой – Ўзбекистон муносабатлари мисли кўрилмаган юқори даражага – янги даврдаги ҳар қандай шароитда барқарор ҳар томонлама стратегик шериклик мақомига кўтарилди. Томонлар бир-бирининг туб манфаатларига дахлдор масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, “Бир макон, бир йўл”ни биргаликда барпо этиш ташаббусининг Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиялари билан уйғунлашуви икки мамлакат халқларининг фаровонлигини оширишга хизмат қилаётган салмоқли натижаларни бермоқда.
Янги тарихий маррада турган ҳолда, Хитой томони Ўзбекистон томони билан елкама-елка икки давлат раҳбарларининг муҳим келишувларини ҳар томонлама амалга оширишга, ривожланиш стратегияларини уйғунлаштиришни изчил илгари суришга, давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашишни чуқурлаштиришга, барча соҳалардаги ҳамкорлик сифати ва самарадорлигини муттасил оширишга ҳамда миллий тараққиёт ва тикланиш йўлида дўстлик ва ҳамкорликнинг янги саҳифаларини биргаликда очишга тайёр.
Юртингизга равнақ ва фаровонлик, ўзбек халқига бахт-саодат, тинчлик ва омонлик тилайман.
Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин!
Ў.АЛИМОВ, ЎзА