Юртим, сени иддаолар қилмай севаман
26 апрель – Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун
Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф майдонида эл суйган ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллигига бағишланиб, “Юртим, сени иддаолар қилмай севаман” деб номланган адабий-маданий тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, адабиёт мухлислари, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари ўқитувчи, ўқувчи ва талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкор ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Муҳаммад Юсуф бюсти пойига гулчамбарлар қўйилиб, марҳум шоирга юксак эҳтиром кўрсатилди.
[gallery-2174]
Муҳаммад Юсуф ўз она халқининг юксак орзу-интилишлари, армонлари, эртанги кунга бўлган умид ва ишончини ўз овози, ўз сози билан жўшиб куйлаган. У шу халқ билан кулди, шу халқ билан йиғлади, у билан ёнди, фақат унга топинди. Бир жўмард ўғлидан эъзоз топган она юрт ҳам уни бошига кўтарди, бағрида ардоқлади, ёзганларини ватанпарварлик ва миллатсеварлик йўлида байроқ қилди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов шоир ҳаёти ва ижоди, айниқса, унинг юртни, юксак инсоний фазилатларни улуғловчи бетакрор сатрлари халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олганлиги, шоир шеърлари халқимиз, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, юртга фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбир ҳақиқий адабиёт, шеърият байрамига айланиб кетди.
– Муҳаммад Юсуфнинг серқирра ва бетакрор ижоди жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону Қўчқорова. – Айниқса, шоир шеърлари тилининг соддалиги, оддий халқ ҳаёти, кечинмалари содда, лекин гўзал ва таъсирли сатрларда баён этилганлиги билан юртдошларимиз қалбига чуқур кириб борган. Бир сўз билан айтганда, Муҳаммад Юсуф ижоди, шеърияти ўзининг халқчиллиги билан ажралиб туради.
Шоирнинг содда, самимий ва рост сўз айтиш иқтидори, айтганда ҳам ҳеч кимга ўхшамайдиган, ўқиганда ёдингизга, куйлаганда тилингизга ўрнашиб, дарров қадрдон бўлиб қоладиган мисралари унинг шеърга илоҳий эътиқод қўйиб яшаганидан нишона.
Тадбирда ижодкор ва ҳаваскор ёшлар томонидан шоир шеърларидан намуналар, шунингдек, шоирга атаб ёзилган шеърлар ўқилди, санъаткорлар томонидан шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар янгради.
Вилоят ҳокими тадбир давомида Муҳаммад Юсуф шеърларидан ёд айтиб берган тадбир иштирокчиларининг ҳар бирига шоир китобларидан совға қилди.
– Муҳаммад Юсуф шеърларини жуда ёқтираман, кўп шеърларини ёд олганман, – дейди тадбир иштирокчиси, Андижон машинасозлик институти талабаси Турсуной Суранбоева. – Бўлиб ўтаётган тадбир нафақат шоир хотирасини ёд этиш, ижодини тарғиб қилиш, балки Ватанни севиш, ардоқлаш маъносида ҳам биз, ёшларга катта маънавий ва руҳий озуқа беради.
Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллигига бағишланган бу каби адабий тадбирлар меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида, хусусан, шоир туғилиб ўсган Марҳамат туманидаги Қовунчи маҳалласида кечга қадар давом этади.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА