“Юракка йўл” – инсон қалбига элтувчи эзгу ташаббус
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли муаммоларига яқиндан ечим топиш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу жараёнда сиёсий партиялар, хусусан, O‘zLiDeP томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур дастур доирасида жойларда амалга оширилаётган “Юракка йўл” акцияси эса аҳоли билан мулоқотни янада мустаҳкамлаш, инсонпарварлик тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим воситага айланмоқда.
Ушбу акция доирасида O‘zLiDeP Кармана туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Юсуф Муродов 33-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, тарбияланаётган болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёни ва ходимлар фаолияти билан яқиндан танишди.

Ўрганиш давомида муассасанинг моддий-техник базаси, болалар учун ташкил этилган ўйин ва ривожлантирувчи муҳитга алоҳида эътибор қаратилди.
Жараёнда муассасанинг яқинда ўз фаолиятини бошлагани инобатга олиниб, Ю.Муродов томонидан 4 миллион сўмлик замонавий ва болалар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилувчи ўйинчоқлар тақдим этилди. Бу эса болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, уларнинг интеллектуал ва ижодий ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиз.
А. Бўриев, ЎзА мухбири